Финляндия мактабидаги отишма: бир бола ҳалок бўлди, икки ўсмир яраланди

Финляндия мактабидаги отишма: бир бола ҳалок бўлди, икки ўсмир яраланди

Сешанба куни Финляндия пойтахти яқинидаги мактабда содир бўлган отишмада бир бола ҳалок бўлган ва икки нафари оғир яраланган. Полициянинг маълум қилишича, ўша болаларнинг 12 ёшли синфдоши ҳужумда гумон қилиниб, ҳибсга олинган, деб ёзади Reuters.

Мактаб биноси полиция томонидан ўраб олинган. Ҳибсга олиш тинч муҳитда, Сильтамаки яқинида, мактабдан узоқда бўлиб ўтган. Маҳаллий полициянинг маълум қилишича, ёнида қуроли бор гумон қилинган шахс ҳибсга олинган.

Полиция маълумотларига кўра, ҳозирча бошқа гумонланувчилар йўқ. Улар гумонланувчи ва қурбонларнинг шахси ҳақида маълумот бермади. Дастлабки тергов давомида гумонланувчи ҳужумни содир этганини тан олган. У қамалиш учун жуда ёш бўлгани сабаб ижтимоий хизматларга юборилади.

Полиция воқеа сабаблари номаълумлигини айтди. Улар қурол гумонланувчининг қариндошига тегишли эканлигини аниқладилар. У шахсий қуролга тегишли лицензияга эга бўлган.

Муниципалитет маълумотларига кўра, отишма Хельсинки чеккасидаги Вантаа шаҳридаги Виертола мактабида содир бўлган, унда биринчи синфдан тўққизинчи синфгача 800 га яқин ўқувчи таълим олади ва 90 киши ишлайди.

Бу Финляндияда ўрин олган ягона ҳолат эмас. 2007 йилда Пекка-Эрик Аувинен Хельсинки яқинидаги Жокела ўрта мактабида олти ўқувчини, мактаб ҳамширасини, директорни ва ўзини отиб ўлдирган.

Бир йил ўтиб, 2008 йилда яна бир талаба Матти Саари Финляндия шимоли-ғарбидаги Каухайоки шаҳридаги касб-ҳунар мактабида одамларга қарата ўт очди. У ўзини отишдан олдин тўққиз нафар талаба ва бир эркак ходимни ўлдирган.

Ов ва нишонга отиш билан машҳур бўлган 5,6 миллион аҳолиси бор мамлакатда 1,5 миллиондан ортиқ лицензияланган ўқотар қуроллар ва 430 мингга яқин лицензия эгалари яшайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!