Фарғонада хитой пахта териш машиналари йиғилади

Фарғонада хитой пахта териш машиналари йиғилади

Фарғонада Хитойнинг “Shandong Swan Cotton Industrial Machinery Stock Co. Ltd” компанияси томонидан амалга оширишга киришилаётган пахта териш машиналарини йиғиш, техникаларга сервис хизмати кўрсатиш маркази ҳамда механизаторлар учун ўқув маркази ташкил этиш лойиҳасига старт берилди. Унда компания бошқаруви вакиллари, туманлар ҳокимлари, вилоят ҳамда қўшни водий вилоятлари кластерлари раҳбарлари, фермерлар иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон-Хитой давлатларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги ҳудудлараро инвестициялар жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда Фарғона вилоятида Хитой Халқ Республикаси капитали иштирокида 157 та корхона фаолият олиб бормоқда.

Ўтган йилда ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларда 537,6 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, шундан 318,5 минг доллари тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига тўғри келди. 2024-2026 йилларда Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда умумий қиймати 2 миллиард 471,5 миллион долларлик 31 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси жорий йил январь ойида Хитойга амалий ташрифи давомида Хитойнинг пахта териш машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компанияларида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда техникалар сифати билан жойида танишганди.

Ушбу ўрганишлар натижасида 1946 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган ҳамда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатига ўз техникаларини экспорт қилиб келаётган “Shandong Swan Cotton Industrial Machinery” компанияси билан ҳамкорлик ўрнатишга келишилди.

Давлатимиз раҳбарининг республикада пахта йиғим-теримида қўл меҳнати улушини камайтириш, теримни механизациялашган шаклда ташкил қилиш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида амалга ошириладиган ушбу лойиҳа пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермерларга замонавий ҳамда сифатли, мақбул нархдаги пахта терим машиналарини сотиб олишга қулайлик яратади. Фарғона шаҳридаги собиқ Механика заводи ҳудудига жойлаштириладиган ушбу объект техникаларга сервис хизмати кўрсатиш маркази ҳамда механизаторлар учун ўқув марказини ҳам ўз ичига олади.

Ушбу пахта териш машиналарини 20 фоизлик дастлабки тўлов билан 10 йил муддатга лизинг асосида харид қилиш имконияти мавжудлиги, бунда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига 15 фоизлик субсидия берилиши таъкидланди.

Вилоят ҳокимлигида “Shandong Swan Cotton Industrial Machinery” компанияси директори ўринбосари Ли Зянтаяо бошчилигидаги гуруҳ билан ўтказилган мулоқотда ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилаётган ғалла ўриш комбайнларини ҳам жорий йилги ўрим мавсумида синовдан ўтказишга келишиб олинди.

Лойиҳага киришиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Нодир Отажонов иштирок этди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!