Фарғонада Lacetti`нинг газ баллони портлаб, 1 киши ҳалок бўлди

A A A
Фарғонада Lacetti`нинг газ баллони портлаб, 1 киши ҳалок бўлди

27 июнь куни Фарғона вилояти Риштон туманида Lacetti автомобили тўхтаб турган жойида унинг газ баллони портлади, деб хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати.

Ҳолат соат 11:40 да Марказ МФЙ ҳудудидаги деҳқон бозори олдида содир бўлган.

Бошқарманинг соат 13:55 да эълон қилган хабарида портлаш вақтида автомобиль ичида ҳеч ким бўлмагани, ҳодиса оқибатида атрофдаги шахслар турли даражада жароҳат олгани қайд этилганди. Шунингдек, портлаш ортидан келиб чиққан ёнғин бартараф этилгани билдирилган.

Орадан бир неча соат ўтиб, вилоят ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди ва ҳолат туфайли 1 фуқаро вафот этганини таъкидлади (унга тиббий муолажалар кўрсатилган).

Қўшимча қилинишича, 1972 йилда туғилган фуқаро ўзининг бошқарувидаги Lacetti автомашинасини деҳқон бозори ҳудудига тўхтатиб, ўзи савдо қилиш учун бозорга кириб кетган вақтида автомашинага ўрнатилган газ баллони портлаган ва ёнғин келиб чиққан.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлишига сабаб бўлса) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!