Давлат бошқарувида ҳуқуқни қўллаш амалиёти такомиллаштирилмоқда

Давлат бошқарувида ҳуқуқни қўллаш амалиёти такомиллаштирилмоқда

Сир эмаски, барча давлатларда адлия органлари давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишга масъул орган ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида Адлия вазирлиги ҳуқуқий сиёсат соҳасида ваколатли давлат органидир. Сўнгги йилларда, мамлакатимизда Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда бу орқали мамлакатдаги қонун устуворлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш йўналишида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил давомида жами 2 минг 379 та қонунчилик ҳужжатлари кўриб чиқилган бўлиб, улардан 400 таси регламент талабларига зид экани боис қайтарилган, 2 мингга яқинини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш якунлари бўйича 13 мингдан зиёд эътирозлар билдирилган.

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш йўналишида вазирлик томонидан 2023 йил давомида 359 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларида 571 та ва 113 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда 11 та коррупциявий омиллар аниқланган ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатларидан 220 дан ортиқ самарасиз нормалар чиқариб ташланган.

Ҳуқуқни қўллаш мониторинги йўналишида 2023 йил давомида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича вазирликка 45 минг 979 та шикоят келиб тушган, вазирлик томонидан 420 минг 258 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва тегишли давлат идораларига 11 минг 959 та тақдимномалар киритилган.

2024 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентимизнинг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу фармоннинг қабул қилиниши адлия органлари тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашга хизмат қилади. фармонда қонун устуворлигига эришишда муҳим бўлган адлия органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, фармоннинг 1 ва 2-бандларига мувофиқ, адлия органлари фаолиятини ҳудудларда самарали ташкил этиш ҳамда ҳуқуқий хизматлар қамровини янада ошириш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш бўйича қўшимча фаолият йўналиши ва вазифалар белгиланди.

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш фаолиятни илмий-экспертлик жиҳатдан асослантириш ва соҳасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида фармоннинг 11-банди “б” қисми билан Адлия вазирлигининг «Давлат хизматларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси негизида Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти ташкил этилди.

Бунда, Адлия вазирлиги ҳар йили қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширилишини таъминлаши белгиланди. Хусусан, вазирлик олдига 2028 йилга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш кўрсаткичини 100 фоизга, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш кўрсаткичини 50 фоизга етказиш вазифалари қўйилди. Бугунги кунда тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳаси ҳар бир демократик давлат ҳуқуқий тизимида муҳим ўрин эгаллайди.

Бир сўз билан айтганда тартибга солиш таъсирини баҳолаш орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва амалдаги қонунчилик ҳужжатларидаги хато-камчиликлар, ҳуқуқий бўшлиқлар ва ишламайдиган нормаларни аниқлаш, уларни бартараф этиш мумкин бўлади.

Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқни қўллаш амалиёти яхшиланишига ўз таъсирини ўтказади. Масалан, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Германия, Дания, Норвегия, Швеция, Финлядния, Испания, Нидерландия, Австрия, Польша, Хитой ва Жанубий-Шарқий

Осиё давлатларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашни амалга ошириш мажбурий ҳисобланади.

АҚШ ва Буюк Британия давлатларида фақат миллий иқтисодиёт, аҳоли бандлиги ва ишлаб чиқариш қувватлари, эркин рақобат ва экологик ҳолат, жамоат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятига таъсир этувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш мажбурий ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳаларини замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш билан боғлиқ ислоҳотлар дунёнинг ривожланган ва демократик давлатлари тажрибасига тўла мос келади.

Хулоса қилиб айтганда, фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимиздаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти яхшиланишига ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!