Эмомали Раҳмон Антониу Гутерриш билан учрашди

A A A
Эмомали Раҳмон Антониу Гутерриш билан учрашди

Бугун Президент Эмомали Раҳмон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришни қабул қилди, деб ёзди “Ховар”.

Учрашувда Тожикистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

– БМТ мамлакатимизнинг бир қатор устувор дастурларини амалга оширишда муҳим рол ўйнайди, – деди қардош давлат раҳбари.

Гутерриш ҳам, ўз навбатида, Тожикистоннинг халқаро муаммоларни ҳал этишдаги муносиб ҳиссасини эътироф этди.

Томонлар бугунги кунда инсоният дуч келаётган глобал таҳдидларнинг олдини олиш йўллари юзасидан фикр алмашди. Муҳим мавзулар – Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, “Сув барқарор ривожланиш учун” халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги бўйича учинчи юқори даражадаги конференция якуни бўйича “Душанбе декларацияси”ни ҳаётга татбиқ этишга келишиб олинди. Шу нуқтаи назардан, БРМ ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун мунтазам, узоқ муддатли молиялаштиришни таъминлаш учун халқаро молия тизимини ислоҳ қилиш зарурлиги хусусидаги хулоса илгари сурилди.

Тожикистон жаҳон ҳамжамиятининг иқлим ўзгариши салбий оқибатини камайтириш борасидаги фаолиятни, шунингдек тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, фан ва технологияни, хусусан рақамлаштиришни ривожлантириш, инновациядан фойдаланиш йўналишларида ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган БМТ саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

Терроризм, экстремизм ва трансчегаравий уюшган жиноятчилик билан боғлиқ кучайиб бораётган таҳдидга, жумладан наркотик моддалар ноқонуний айланиши ва бошқа глобал хатарларга биргаликда жавоб бериш зарурлиги маъқулланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!