Британия Меҳнат партияси раҳбари ҳақида нима маълум?

Британия Меҳнат партияси раҳбари ҳақида нима маълум?

Бугун Буюк Британияда бўлиб ўтган парламент сайловида сўл марказчи мухолифат Лейбористлар партияси ғалаба қозонгани маълум қилинди. Дастлабки маълумотга кўра, бу гуруҳ қуйи Жамоат палатасида 650 ўриндан 400 тасини қўлга киритиб бўлган. Бу ҳукуматни шакллантириш учун зарур кўпчилик чегараси – 326 талик миқдордан кўп. Энди партия раҳбари Кей Стармер зиммасига янги Вазирлар Маҳкамаси таркибини шакллантириш вазифаси юкланади.

Келиб чиқиши ва маълумоти

Кей Стармер (Кир Родни Стармер) 1962 йил 2 сентябрь куни Лондонда ишчи оиласида туғилган ва мамлакат жануби – Суррейдаги мўъжаз Октед шаҳрида ўсган. Ота-онаси Лейбористлар тарафдори бўлгани учун унинг исмини партиянинг биринчи раҳбари Кей Ҳарди шарафига қўйишган. 1985 йил Стармер Лидс университетини имтиёзли диплом билан тугатди ва оилада биринчи бўлиб олий маълумот олди. 1986 йил Оксфорд университети Эдмунд Холл коллежида фуқаролик ҳуқуқи бўйича таҳсил олди. 1980-1990 йиллари “Ижтимоий муқобиллик” ва “Ижтимоий ҳуқуқшунос” журналларига мақолалар ёзган.

Профессионал фаолияти

1987 йил Кей Лондонда инсон ҳуқуқи масаласига ихтисослашган адвокат сифатида фаолият юрита бошлади. Кейин Шимолий Ирландия Полиция кенгашида инсон ҳуқуқи бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлади ва 2002 йил монарх томонидан Қиролича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. 2008-2013 йиллари Қироллик Прокуратура хизматини бошқарган.

Партия ва парламентда

Ўсмирлик чоғида Стармер марказий чап Лейбористлар партияси ёшлар қанотига қўшилди. Жамоат палатасига 2015 йил илк бор, 2019 йил қайта сайланиб, 2024 йил 30 майгача, тарқатиб юборилгунга қадар аъзолик қилди. 2015 йил Эд Милибанд истеъфога чиқиши муносабати билан партиядошлари ундан ЛП етакчиси лавозимига номзодини қўйишни сўрашди, бироқ “у ҳали сиёсий тажрибага эга эмасман”, деб ҳисоблаб, таклифни рад этди. Партия бошқарувини Жереми Корбин эгаллагач, Стармер иммиграция вазири сифатида партия мухолифатда бўлганида тузилган ЛП соя кабинетига қўшилди ва 2016 йил июнигача ишлади. Шу йил октябрь ойида у яна соядаги Вазирлар Маҳкамаси таркибига кириб, партиянинг Вrехit стратегияси учун масъул бўлди (Қироллик 2020 йил январида ЕИни тарк этган). 2019 йил декабрь ойида лейбористлар партияси сайловда мағлубиятга учради ва Корбин истеъфога чиқди. Шундан кейин Стармер 2020 йил 4 апрелда бўлиб ўтган ички сайловнинг биринчи босқичида 56,2 фоиз овоз олиб, партия етакчисига айланди.

Дастури

2024 йил 22 майда Консерватив ҳукумат раҳбари Риши Сунак парламент тарқатилишини эълон қилганда, Кей Стармер парламент сайлови “тартибсизликни тўхтатиш, янги саҳифа очиш ва Британияни қайта қуришни бошлаш” учун имкониятлигини айтди.

Унинг дастури уй-жой инқирозини ҳал қилиш, темир йўл, почта ва сув таъминоти корхоналарини миллийлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кўзда тутади. Соғлиқни сақлаш ислоҳоти, адлия тизимини такомиллаштириш, шунингдек мамлакат фуқароларини кадрлар етишмайдиган соҳаларда ишлашга ўргатиш орқали Буюк Британиядаги муҳожирлар сонининг қисқартириш режаси эълон қилинди. Стармер 7,3 миллиард фунт стерлинг (9,3 миллиард доллар) миқдоридаги суверен бойлик жамғармаси асосида халқ таълимига ёрдам бериш учун хусусий мактабларга солиқ имтиёзи, тоза энергияга ўтишни молиялаштириш учун энергия компанияларига махсус йиғимлар ваъда қилмоқда.

У Аслзода унвонига эга бўлган ва умрбод парламентда ўтирадиган шахслардан иборат, XIV асрда жорий қилинган парламентнинг юқори Лордлар палатасини тугатиш, фуқароларга ҳозиргидек 18 эмас, балки 16 ёшдан сайлов ҳуқуқини бериш тарафдори.

Дастурнинг ташқи сиёсат қисмида Европа Иттифоқи билан савдо алоқасини мустаҳкамлаш, НАТО ролини кучайтиришда иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш қайд этилган. Жереми Корбиндан фарқли ўлароқ, Стармер ядро қуролидан воз кечиш, мамлакатни НАТОдан чиқаришга қарши. У Россияга нисбатан “кенг миқёсда ва кескин” иқтисодий санкция қўллашга чақириб, музлатилган Россия активларини мусодара қилиш ва Украина эҳтиёжи учун сарфлаш бўйича иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан келишишга ваъда берган.

2023 йил октябрь ойида Британиянинг LBC радиостанциясига берган интервьюсида Стармер ХАМАС жангарилари ҳужумига жавобан Исроилнинг Ғазо секторига қарши ҳужумини қўллаб-қувватлади. Бошловчининг “Ғазога электр энергияси ва сув юборишни тўхтатиш тўғри қарорми?”, деган саволига у ижобий жавоб берди. Кейнинг изоҳи партия ичида қарама-қарши фикр уйғотди ва анъанавий равишда Лейбористларни қўллаб-қувватлаб келаётган Британия мусулмон жамоаси танқидига сабаб бўлди. Бироз вақт ўтгач, у Лейбористлар Фаластинни тан олиш ниятида эмаслигини билдирди. Фақат 2024 йил май ойига келибгина, “тинчлик жараёнининг бир қисми сифатида зарур пайт” Фаластин давлатини эътироф этиш имкониятини тан олди.

Шахси ҳақида

Кей Стармер 2014 йил “муваффақиятли юридик фаолияти ва қонунчиликдаги хизмати учун” Ванна (Рицарь қўмондони) ордени билан тақдирланган. Уйланган, икки фарзанди бор. Ота томондан польшалик-исроиллик бўлган рафиқаси яҳудий динини қабул қилган. Стармернинг ўзи эса атеист.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!