Дин сиёсатдан ажраганми? Ёки биргами?

Дин сиёсатдан ажраганми? Ёки биргами?

Дин сиёсатдан ажралганми? Кейинги пайтда масалани диний ва дунёвий усулда алоҳида-алоҳида таҳлил қилишга уринишлар кўпаймоқда. Хўш, аслида динни сиёсатдан ажратиб бўладими? Бу тўғрида Azon.uz нашри мантиқий асосланган хабар эълон қилди. 

Бу саволга жавоб бериш учун, дастлаб “дин” ва “сиёсат” тушунчаларини англаш керак бўлади. 

Дин инсонларни охират саодатига элтувчи восита, ҳаёт тарзи, қонун-қоидалар мажмуи ҳисобланади. Унга ишонмаганлар, буни инкор қилади, холос.

Диний қонун-қоидалар дунёвий масалаларни ҳам ўз ичига олиши табиий ҳол. Зотан, динда инсон бу дунёдаги амалларига қараб у дунё саодатига етиши мумкинлиги таъкидланган. Шундан келиб чиқиб, динга эътиқод қилувчи инсон учун бу дунёдаги ҳаёт асосий мақсад, биринчи ва охирги қароргоҳ эмас, балки, Аллоҳга элтувчи йўл ҳисобланади.

Дунёда инсонлар ўртасидаги тартиб гоҳ диндор бўлсин, гоҳ даҳрий, одамларнинг қилаётган амалларига боғлиқдир. Одамларнинг  бу дунёдаги ишлари, касбу корлари ва саноатлари эса, учта даражага бўлинади:

1) Инсоният оёқда туриши учун зарур бўлган асослар: еб-ичиш учун экин экиш, кийим-кечак учун тўқимачилик қилиш, яшаш учун бино қуриш, одамлар ўртасида ўзаро ёрдам бериш.

2) Юқоридаги асосларни амалга оширишга ёрдам берувчи воситалар: деҳқончилик учун темирчилик, тўқимачилик учун пахта тозалаш каби саноатлар.

3) Юқоридаги асосларни чиройли ва мукаммал қилувчилар. Нонвойлик, ошпазлик, тикувчилик...

Демак, касблар орасида энг шарафлилари асос бўлганларидир. Зеро асос бўлмаса, қолганлари аҳамиятини йўқотади. Буғдой етиштирилмаса, новвойчилик аҳамиятсиз бўлиб қолганидек.

Лекин, асос ишлар орасидан энг шарафлиси эса, кишилар орасини ислоҳ қилиш ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, яъни сиёсат саналади.

Агар инсонлар биргалашиб ҳаракат қилмасалар, тартибсизлик бошланади.

Шунинг учун, бошқа касбларда талаб қилинмайдиган шарт – бошқара билиш маҳорати сиёсатда талаб қилинган. Инсонларни бошқариш шарафли бўлгани учун ҳам, сиёсатчилар деҳқонлардан кўра шарафли касб эгаси ҳисобланади.

Сиёсат сўзи арабча “сияса” сўзидан олинган бўлиб, ўзаги С-В-С ҳарфларидан иборат. Сиёсат етиштириш, бошқариш маъноларини билдиради. Этимологик жиҳатдан “сус” яъни от сўзи билан боғлиқ бўлиб, дастлаб бадавийлар томонидан от ва туяларни етиштириш ва тарбиялаш маъносида ишлатилган. Саис, яъни сиёсатчи, от ва туяларни бошқарувчи ёки тарбияловчиси бўлган.

Сиёсат тўрт даражадан иборат:

1) Энг олий сиёсат – пайғамбарлар сиёсати бўлиб, уларнинг зоҳирий ва ботиний масалаларда маълум шахсга ҳамда оммага қарата қилган ҳукмларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бани Исроил жамоасига пайғамбарлар бошлиқ (таСуВСуҳум) бўлар эди. Қачон бир пайғамбар вафот этса, ўрнига бошқа пайғамбар қолар эди”.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

2) Халифа, подшоҳлар ва бошқа ҳукмдорларнинг маълум бир шахсга ёки оммага қаратилган зоҳирий масалалардаги ҳукмларидир.

3) Пайғамбарлар вориси бўлган олимларнинг сиёсати. Олимлик султонлик ҳисобланмайди ва улар инсонларга буюриш ва мажбурлаш каби сиёсатни юритмайдилар.

4) Воизлар сиёсати бўлиб авомнинг ички дунёсини ислоҳ қилишдаги сиёсатидан иборат.

Бу тўрт даражадаги сиёсатлар ичида Пайғамбарлик сиёсатидан кейинги энг шарафли сиёсат инсонларни ҳалокатга элтувчи ёмон хулқлардан қайтариб, уларни саодатли гўзал аҳлоққа йўл кўрсатиш сиёсати ҳисобланади.

Пайғамбарлар ва авлиёлар доимо ўз қавмини янада яхши бўлишини истаб келишган. Фақатгина инсонларнинг итоатсизлиги, нафси ва ўзаро зулми шундай деградацияга сабаб бўлган.

Бизнинг жамиятимиз, таълим тизимимиз, иқтисодиётимиз, медия ва  бошқа нарсаларимиз барчаси инсониятнинг ақлий,  маънавий ва руҳий такомилига қаратилган бўлиши керак.  Мусулмонлар ҳеч қачон бирор нарса ҳақида “ҳеч кимга зарар бермаяпдими, қўявер” деган қабилда иш тутиши керак эмас. Мақсадими комиллик ва ривожланиш бўлиши керак, турғунлик ҳам, деградация ҳам эмас.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, дин бу инсониятни комилликка ва охират саодатига элтувчи низом бўлса, сиёсат, яъни менеджмент, дунёда инсонларни ўзаро муносабатларини ислоҳ қилишга қаратилган дунёвий касб, илм ва маҳоратдир.

Шундай қилиб, дин сиёсатдан ажраганми деб сўралганда, қайси сиёсатдан, ёки қайси йўлдаги ва нимани мақсад қилган сиёсатдан деб сўраш керак бўлади.

Чунки, дин бу йўл, сиёсат эса отдир.

Уни дин билан солиштириб ҳам, ундан ажраганми деб ҳам бўлмайди.

Инсоният учун тўқимачилик ва деҳқончилик касб ёки саноат сифатида диндан қандай ажраган бўлса, ёки аксинча, сиёсат ҳам диндан шундай ажраган ёки у билан бирга ҳисобланади.

Чунки, аҳлоққа зид кийимларни тикиш билан шуғулланувчи тикувчилик диндан ажраган бўлса,  инсонлар наф келтирадиган, уларни азиз ва мукаррам қилиб кўрсатадиган кийимни тикувчи тикувчилик эса, диннинг ичида ҳисобланади. Дин эса, инсонларни комилликка ва охират саодатига элтувчи йўлдир.

Саид Комил


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!