Байденнинг ҳарбий маслаҳатчиси Ўзбекистон ҚК бош штаби бошлиғи билан учрашди

Байденнинг ҳарбий маслаҳатчиси Ўзбекистон ҚК бош штаби бошлиғи билан учрашди

АҚШ Қуролли кучлари бирлашган штаб бошлиқлари раиси генерал Чарльз Браун 9 сентябрь куни Пентагонда Ўзбекистон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал майор Шуҳрат Холмуҳаммедов билан учрашди.

Икки ҳарбий етакчи хавфсизликнинг бир қатор масалаларини, жумладан, ИШИД каби террористик таҳдидларга қарши курашни янада мувофиқлаштириш ва минтақавий ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган.

Генерал Браун 2023 йилда АҚШ Марказий қўмондонлигининг Марказий Осиё мудофаа раҳбарлари конференциясига мезбонлик қилгани учун Холмуҳаммедовга миннатдорлик билдирган. У Ўзбекистоннинг АҚШ билан стратегик шерикликни ривожлантириш истагини олқишлаган.

АҚШ Марказий Осиёда барқарорлик ва минтақадаги ҳар бир давлати суверенитетини таъминлашда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга содиқлигини билдирган.

Генерал Чарльз Браун Бирлашган штаб бошлиқларининг 21-раиси, АҚШнинг энг юқори мартабали ҳарбий офицери, президент, мудофаа котиби ва Миллий хавфсизлик кенгашининг асосий ҳарбий маслаҳатчиси ҳисобланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!