Афғонистоннинг Бомиён вилоятида юз берган отишмада 3 нафар испаниялик сайёҳ ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Бомиён вилоятида юз берган отишмада 3 нафар испаниялик сайёҳ ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Бомиён вилоятида 17 май куни юз берган отишмада 3 нафар Испания фуқароси ҳалок бўлган. Бу ҳақда CNN'га асосланиб, Дарё нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, отишмада жами 4 нафар шахс ҳалок бўлган. Уларнинг уч нафари испан сайёҳи ва 1 нафари маҳаллий фуқаро бўлган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги ҳам ушбу хабарни тасдиқлаган. Вазирлик матбуот котиби Абдул Матин Қане Бомиёндаги фалокат қурбонларининг оилаларига ҳамдардлик йўллаган.

Бир қанча маҳаллий нашрлар яраланган фуқаролар ҳақида ҳам хабар берган. Тўрт нафар хориж фуқароси ва уч нафар афғонистонлик ҳужумда яраланиб, яқин атрофдаги касалхонага олиб кетилгани айтилган.

Испания Ташқи ишлар вазирлиги фавқулодда консуллик бўлими билан вазиятни аниқлаштириш, жабрланганларга ёрдам бериш ва уларнинг оилалари билан боғланиш учун қизғин иш олиб бораётганини билдирган.

“Афғонистонда испаниялик сайёҳларнинг ўлдирилиши ҳақидаги хабардан ҳайратда қолдим. Мен вазиятни диққат билан кузатиб боряпман. Испания Ташқи ишлар вазирлигининг Фавқулодда консуллик бўлими барча зарур ёрдамни кўрсатиш борасида ишламоқда. Мен қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва дўстларига ҳамдардлигимни билдирмоқчиман”, — деб ёзган Испания бош вазири Педро Санчес.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!