Ямайка республикага айланиши мумкин

Ямайка республикага айланиши мумкин

Ямайка ҳукумати Британия қироли Карл III ҳукмронлигидан чиқиб, республикага айланиш мақсадида 2025 йилга белгиланган навбатдаги ялпи сайловгача ислоҳот ўтказишни режалаштирмоқда. Мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Алландо Терелонг шу ҳақда баёнот берди.

– Биз 2025 йилгача ислоҳотни якунлаб, Британия ҳукмронлигидан халос бўлиш умидидамиз, – деди у “Independent” газетасига берган интервьюсида. – Монарх қисман мамлакат раҳбари ҳисобланса-да, ҳақиқий ҳокимият Ямайка ҳукумати ва халқига тегишли.

Республикага айланиш учун Ямайка янги конституция лойиҳасини тайёрлаши, ушбу ҳужжат маҳаллий парламент иккала палатаси томонидан маъқулланиши керак. Шундан кейин мамлакат мақомини белгилаш бўйича референдум ўтказилади.

Терелонг қўшимча қилишича, Ямайка тарихий вазиятни инобатга олган ҳолда, Британиядан орол фуқаролари учун виза чеклови бекор қилинишига эришмоқчи. Ҳозир расман Британия бошқарувидаги ягона мамлакат ҳисобланган мазкур орол фуқароларига қиролликка кириш учун виза чеклови жорий қилинган. Ямайка конституциясига кўра, ижро ҳокимияти Британия монархи томонидан генерал-губернатор номидан фаолият олиб боради. Генерал-губернатор номзодини Ямайка Бош вазири тақдим этади.

Ямайка ҳам аъзо ҳисобланган Британия ҳамдўстлиги 53 мустақил давлат, яъни Буюк Британиянинг қарийб барча собиқ мустамлакаларини бирлаштирган. Ушбу мамлакатлар аҳолиси сони жами 2 миллиарддан ошади. Ҳамдўстлик раҳбари Британия монархи ҳисобланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!