“Иссиқлик электр станциялари” АЖ биринчи чоракда қандай кўрсаткичларга эришди?

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ биринчи чоракда қандай кўрсаткичларга эришди?

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2024 йилнинг 1-чораги давомида 9 миллиард 965 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу режага нисбатан 109,7 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, 4 миллион 644 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилган. Бу эса режага нисбатан 104,6 фоиз кўпдир.

Инвестиция дастурига асосан 130,2 миллион АҚШ долларига тенг маблағ ўзлаштирилиб, режа кўрсаткичи 108,3 фоизни ташкил этган.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 13,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа кўрсаткичи 100,4 фоизга бажарилиши таъминланган. Импорт ҳажми 3,5 миллион АҚШ долларига қисқартирилиб, режа 114,2 фоизни кўрсатган.

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов бу ҳақда маълумот берди.

Унда айтиб ўтилганидек, корхона олдида турган муҳим вазифалардан бири, бу – маҳсулот таннархини пасайтириш ҳисобланади. Шу мақсадда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 2024 йил январь-март ойларида маҳсулот таннархи 450,8 миллиард сўмга пасайтирилиб, режа 100,6 фоизга бажарилган.

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Тошкент ИЭМ”да бунёд этилган ҳар бирининг қуввати 32 МВтга тенг бўлган иккита газ-турбина қурилмасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, – деди М.Бекмуҳаммедов. – Ушбу замонавий энергия иншооти Тошкент шаҳри истеъмолчиларига электр ва иссиқлик энергиясини етказиб бериш сифати ҳамда кўламини оширишга хизмат қилади.

Айни пайтда “Талимаржон ИЭС”да умумий қуввати 1065 МВт ва “Навоий ИЭС”да қуввати 650 МВт бўлган замонавий, энергия самарадор буғ-газ қурилмаларини бунёд этиш бўйича қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Тадбирда 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам айтиб ўтилди. Унга асосан 14 та энергоблок, 28 та қозон қурилмаси, 7 та буғ-газ қурилмаси, 3 та газ-турбина қурилмаси ва 1 та турбо генераторда мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган.

Мавсумга тайёргарлик жорий йилнинг февраль ойидан бошланган бўлиб, бугунги кунга келиб 1 та энергоблок, 2 та буғ-газ қурилмаси 3 та қозон агрегатида таъмирлаш ишлари якунланди. Айни кунларда 5 та энергоблок ва 14 та қозон агрегатларида таъмир ишлари амалга оширилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!