Қотил ўзининг синфдоши бўлиб чиқди

Қотил ўзининг синфдоши бўлиб чиқди

Жорий йилнинг 15 январь куни Бухоро вилояти Когон туманининг Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи фуқаро туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилади. Мурожаатда акаси Х.А. 2024 йилнинг 7 январь куни тахминан соат 19:30 ларда яшаш уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмаганлигини билдиради.

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор тергов гуруҳи тузилади. Кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилди. Ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ҳуқуқ-тартибот органларида бу воқеликда қотиллик аломатлари мавжуд деган тахмин пайдо бўлади. Шу сабабли Когон тумани прокуратураси томонидан 2024 йилнинг 20 январь куни ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди.

Жорий йилнинг 7 январь кунидан 24 январь кунига қадар бўлган вақт мобайнида бедарак йўқолган фуқарони топиш мақсадида вилоят ҳамда туман прокуратураси, Ички ишлар бошқармаси, ҳудудий ички ишлар органлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тааллуқли идораларнинг тажрибали ходимларидан иборат тузилган тезкор тергов гуруҳлари томонидан бир қатор суриштирув, қидирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Қотиллик дея тахмин қилинаётган ҳолатга алоқадор ашёвий далилларни топиш мақсадида жиноят содир қилинган жойга яқин ҳудудлардан ўтган зовур (захкаш), ариқ ва канал сувлари тўсилиб, суви тўхтатилиб тозаланди. Қаровсиз бино ва иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва уларнинг ён атрофлари кўздан кечирилди.

Барча қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар, муқаддам ушбу турдаги ёки шунга ўхшаш жиноятларни содир қилган ёки содир этишга мойил дея ички ишлар органлари, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг махсус ҳисобида турувчи шахслар ўртасида тезкор профилактик, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Қидирув суриштирув ишларининг 17-кунида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати ва Когон тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу ҳолатда ҳақиқатдан ҳам қотиллик жинояти содир этилганлиги ўз тасдиғини топди. Жиноятни содир қилган гумондор шахс ҳам аниқланди.

Ушбу қотилликни содир қилган шахс бир неча маротаба судланган, жабрланувчининг ён қўшниси, бир мактабда ўқиган синфдош дўсти бўлиб, спиртли ичимлик таъсирида ўзаро келиб чиққан келишмовчилик оқибатида ўз дўстини уриб, дўппослаши натижасида умрига зомин бўлган.

Айбланувчининг айби унинг кўрсатмаларини воқеа жойида текшириш тергов ҳаракати ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосан тўлиқ исботланди. Жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатлар жазонинг муқаррарлигини таъминлаш учун Жиноят ишлари бўйича Когон тумани судига юборилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!