Ўзбекистон ҳамда АҚШ божхона соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам қилишга келишди

Ўзбекистон ҳамда АҚШ божхона соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам қилишга келишди

Ўзбекистон—АҚШ божхона хизмати раҳбарлари божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим ҳуқуқий асоси — “Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида”ги битимни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу битим Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳамда АҚШнинг Божхона чегара хизмати комиссари Трой Миллер ўртасида икки томонлама учрашувдан сўнг имзоланди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон—АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилганидан сўнг ўтган 32 йил давомида иккала давлат божхона хизматлари раҳбарлари ўртасида бу форматдаги юзма-юз расмий учрашув илк бор ўтказилмоқда. Шу боисдан ҳозирга қадар ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси ҳам мавжуд бўлмаган. Давлат раҳбарининг 2018 ва 2023 йилларда АҚШга амалга оширган ташрифлари давомида эришилган муҳим келишувлар барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга йўл очиб берди.

Ўзбекистоннинг АҚШ билан товарлар ташқи савдоси сўнгги 6 йилда 48 фоизга ошди. 2024 йилнинг 8 ойида бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 64 фоизга ўсган. Аммо мавжуд салоҳият ва имкониятлардан келиб чиқилса, бу кўрсаткичларни янада ошириш мумкин.

Бунинг учун энг аввало иккала давлат божхона хизматлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ахборотлар алмашинувини йўлга қўйиш орқали ташқи савдонинг кенгайишини рағбатлантиришга зарурат туғилади.

Шунинг учун ҳам музокараларда асосий эътибор божхонада хавфларни мониторинг қилиш, божхона тартиботларини рақамлаштириш ҳамда инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш каби долзарб масалаларга қаратилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!