«Талабаларга фақат рағбатлантириш пулини берамиз». Вазир ўринбосари стипендия масаласига муносабат билдирди

«Талабаларга фақат рағбатлантириш пулини берамиз». Вазир ўринбосари стипендия масаласига муносабат билдирди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 16 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходимлари ва ОТМлар ректорлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, унда журналистлар томонидан берилган «2019 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб олий таълим муассасалари талабаларига янги тартибда стипендия тўланаётгани, бу эса амалдаги қонунчиликка қанчалик мос келиши» борасидаги саволга вазир ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов қисман жавоб қайтарди.

«Бизда 2004 йили тасдиқланган ва ҳозир ҳам ишлаб турган йўриқнома мавжуд. Мазкур 1339-сонли идоравий ҳужжатни Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Молия вазирликлари тасдиқлаган. Стипендия тайинлашни ҳам шу ҳужжат асосида йўлга қўйганмиз», — деди Сарвархон Бузрукхонов.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра ушбу тизимга ўтилганининг ижобий томонлари ҳам бор. Бу томонларини ҳам ОАВ жамоатчиликка етказиши керак. Унинг қайд этишича, Олий ва ўрта-махсус таълим вазири бир неча кун аввал 5 ва 4 баҳога ўқиган талабаларга қўшимча рағбатлантириш берилишини айтган. Бу бўйича шу кунларда Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳам чиқиши кутиляпти.

«Биз стипендияни 400 минг сўм ва контракт тўловисиз қилиб белгилаганимиз бу Ўзбекистон халқига жуда катта имконият берди. Буни эса ҳеч ким гапирмаяпти.

Бугунги кунда 195 890 нафар ёки 72 фоиз талаба (кундузги таълим) стипендиясиз ўқияпти ва улар контракт учун пул тўламаяпти. Бу ҳам бир имконият. Биз буни орқага қайтармаймиз. Орқага қайтилмайди ҳам. 62 фоиз талаба 3 баҳога ўқирди. Бу қарийб 200 минг талаба дегани. Бу орқага қайтмайди.

Эртага Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқади ва ҳаммаси жойига тушади. Биз буни орқага қайтарсак, 200 мингта талабадан ҳам пулини қайтариб олишимиз керак бўларди. Бунга қандай реакция бўлади? Буни қайтариш ниятимиз йўқ, қайтарамиз, фақат талабаларга рағбатлантириш пулини берамиз.

Бу масалада яна алоҳида брифинг ташкил этиб, журналистларга албатта, етказамиз», — деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!