Спорт: доимий шуғулланувчилар сонини 1 миллионга етказиш масаласи муҳокама қилинди

Спорт: доимий шуғулланувчилар сонини 1 миллионга етказиш масаласи муҳокама қилинди

Мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўтган ҳафта давомида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги мутасадди ва мутахассислари белгиланган режа асосида ҳудудларда бўлиб, мавжуд инфратузилма ҳолати, жиҳоз ва инвентарлар билан таъминланганлик даражаси, спорт иншоотларида ўтказилаётган машғулотларнинг талаб даражасини таҳлил қилди. Мураббий ва спортчилар билан суҳбатлар ўтказилди. Мониторинг ишларининг бориши кўздан кечирилди.

Хўш, умумий ҳолатимиз эришаётган натижаларимизга мосми? Иқтидорли спортчиларни танлаш, селекция қилиш, мақбул спорт турларига йўналтириш ишлари кўнгилдагидекми?

Спорт вазирлигида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар таҳлили ҳамда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Йиғилишда соҳадаги энг долзарб вазифалар, жумладан оммавий спорт тадбирларини ташкил қилиш орқали жисмоний тарбия ва спортга ошно ёшлар қамровини 10 миллионга етказиш, спорт мактабларида доимий шуғулланувчилар сонини 1 миллионга олиб чиқиш ҳамда аҳолидан спорт синовларини қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳудудларда ўрганиш натижалари бўйича спорт-таълим муассасалари фаолиятини намунали йўлга қўйган Фарғона вилоятининг Ўзбекистон ва Учкўприк туманлари мисолида тақдимот кўрсатиб берилди.

Жойларда кўрсаткичлари нисбатан ортда қолаётган спорт-таълим муассасаларини жонлантириш, “Ташаббусли бюджет” ва “Яшил макон” лойиҳалари доирасида ишлар ҳолати бўйича тегишли масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Спорт вазири А.Икромов раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, давлатимиз томонидан оммавий спортни ривожлантириш, маҳоратли спортчиларни тарбиялаш, спорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш борасида зарур шарт-шароитлар яратилганига қарамай иш фаолиятига совуққонлик билан ёндашаётган спорт соҳасининг айрим вакиллари камчиликларга йўл қўяётгани ютуқларга соя ташлаб турибди.

Муҳокамалар якунида жойлардаги масъул раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши бўйича шартли муддат асосида қатъий огоҳлантириш берилди.

Янги Ўзбекистоннинг ҳар томонлама салоҳиятли ва ватанпарвар янги чемпионларини камолга етказишда мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш бугунги мураккаб даврнинг муҳим вазифаси экани қайд этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!