Самарқанд йирик халқаро анжуманлар марказига айланмоқда

Самарқанд йирик халқаро анжуманлар марказига айланмоқда

Жорий йил 8-10 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган тўқимачилик ва мода саноатидаги энг йирик халқаро тадбир – Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси – ITMF йиллик конференцияси ҳамда IAF – Халқаро аккредитация форумининг “World Fashion” биринчи қўшма конференцияси бизнес дастури эълон қилинди.

“Инновация, ҳамкорлик ва тартибга солиш – тўқимачилик ва тикувчилик саноатини ривожлантириш” мавзусидаги анжуман турли сессиялар, эксперт муҳокамалари орқали жаҳон тўқимачилик саноатидаги энг долзарб муаммо ва тенденцияларни ёритиб беради.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси кўмагида ташкил этиладиган форумда 500 дан зиёд мутахассис, жумладан етакчи халқаро тўқимачилик компаниялари, брендлар, молия институтлари вакиллари ва ритейлерлар иштирок этади.

Конференциянинг толаларга бағишланган биринчи кунида табиий пахта ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш мавзуси кўтарилади. Хусусан, “Indorama Corp” (Сингапур), “Global Textile” (Ўзбекистон) ва “Cotton Analytics” (АҚШ) компаниялари мутахассислари иштирокида пахтанинг даладан мода саноатигача йўли, сўнгги 50 йил ичида глобал пахта саноатида юз берган ижобий янгиликлар, жумладан мамлакатимизнинг анъанадан инновацияга ўтиши ва бу борадаги ўзгаришлар муҳокама қилинади.

Кейинги қисм сунъий тола ишлаб чиқариш ва жаҳон тўқимачилик саноатида табиий материал тақчиллиги масаласига бағишланади.

Дастур бўйича иккинчи, асосий кун кенг кўламли долзарб муаммолар, глобал тенденцияга эътибор қаратилади. “Euratex” (Бельгия) Европа Иттифоқининг барқарор тўқимачилик стратегияси ва халқаро ҳамкорлик истиқболини таҳлил этади, Америка кийим-кечак ва пойабзал ассоциацияси – AAFA вакили Стив Ламар Қўшма Штатлардаги тартибга солиш прогнозини тавсифлайди. Рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг тўқимачилик ишлаб чиқариш занжиридаги ўрни ҳамда саноатда малакали кадрлар етишмаслигига алоҳида эътибор берилади. Иштирокчилар AAFA билан рақамли ёрлиқлаш, шунингдек DMIx (Германия) эксперти Кристиан Лотт билан тарқатишни рақамлаштириш мавзусини муҳокама қиладилар. Бундан ташқари, малака билан боғлиқ муаммони ҳал қилишда сунъий идрокнинг роли таъкидланади. Иккинчи кунни Регистон мажмуасида ўтадиган ёрқин нур ва модалар намойиши якунлаб беради.

Биринчи қўшма конференция глобал тўқимачилик саноатидаги ажойиб ютуқлар ва стартапларни эътироф этиш мақсадида ITMF мукофотларини топшириш маросими билан тугайди. Якуний ҳамкорлик сессияси “Inditex” (Испания), “Epic Group” (Гонконг), Халқаро молия корпорацияси (IFC) вакилларини барқарорлик ва чиқиндини қисқартириш чора-тадбирлари келажаги масаласини муҳокама қилиш учун бирлаштиради. Ишбилармонлик қисми охирида делегатлар бой маданий дастур, жумладан маҳаллий тўқимачилик ишлаб чиқариш ютуқларидан баҳраманд бўлиш учун Буюк ипак йўлидаги асосий тугунлардан бири – қадим Бухорга ташриф буюради.

Соҳа етакчилари халқаро мулоқотининг давоми сифатида 2024 йил 13 сентябрь куни Тошкентда “Global Textile Dialog” форуми режалаштирилган.

Дарвоқе, ITMF – тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари манфаатини ифодаловчи глобал савдо уюшмаси бутун дунё бўйлаб ҳамкорликни кенгайтириш, саноатни ривожлантириш, барқарорликни рағбатлантириш йўлида фаолият олиб боради.

IAF – Халқаро кийим-кечак федерацияси ҳам айни йўналишдаги етакчи глобал ассоциация сифатида халқаро мулоқот орқали саноат ривожланишини қўллаб-қувватлайди, асосий муаммолар, имкониятларни ўрганади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!