Руминия россиялик делегатларга виза бермади

Руминия россиялик делегатларга виза бермади

Руминия Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ) парламент ассамблеясининг (ПА) 29 июндан 3 июлгача Бухарестда бўлиб ўтадиган йиллик сессиясида иштирок этиш учун Россия делегатларига виза беришдан бош тортди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Россия кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмита раиси Григорий Карасиннинг сўзларига кўра, “Руминия Ташқи ишлар вазирлигидан нота” қабул қилинган. Унда Россиянинг Украинага нисбатан агрессияси сабабли Россия делегацияси аъзоларидан бирортасига визалар ёки мамлакатга кириш учун рухсат берилмаслиги маълум қилинган.

Россия делегацияси ассамблеянинг бир неча сессияларида қатнашмаган

Россия делегацияси аввалроқ ЙХҲТ ПАнинг камида иккита сессиясида — 2023 йил кузида Ереванда ва 2024 йил қишда Венада ўтказиладиган сессияларида иштирок этишдан бош тортган. 2022 ва 2023 йилларда Буюк Британия ва Канадада бўлиб ўтган ассамблеяларда россиялик парламентарийлар виза олиш билан боғлиқ муаммолар туфайли қатнашмаган.

ЙХҲТ ПА Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олган

2023 йил июль ойида ЙХҲТ Парламент ассамблеяси декларация қабул қилиб, “Вагнер”ни молиялаштиргани сабабли Россияни терроризмнинг ҳомийси деб топди.

“Баъзи парламентарийлар жиноий тажовузнинг шерикларидир", — деди ассамблея президенти Маргарета Седерфелт.

Шунингдек, у россиялик ҳамкасбларини фуқаролик ҳуқуқлари, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва адолатли сайловларга путур етказаётганликда танқид қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!