РАСМАН: Супер-контракт нархлари белгиланди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги супер-контрактлар ҳақида қўшимча расмий маълумотларни маълум қилди:
Ўқишдан йиқилиб, контрактнинг кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмаган ҳамда 56,7 дан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контрактнинг минимал миқдорлари тасдиқланди.
Жорий йилда абитуриентлар учун супер-контракт тўлашда қуйидаги енгилликлар берилади:
* супер-контрактни биринчи, иккинчи ва учинчи йўналишда ҳам ўқиш мумкин;
* супер-контракт миқдорлари стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига нисбатан ҳисобланади (яъни нархлар арзонлашади);
* тўловчиларнинг ўз ҳоҳишига кўра стипендияли тўловлар, яъни табақалаштирилган тўлов-контракт суммасига (бир ўқув йили учун 4,8 млн сўм) қўшимча тўлаш мумкин. Яъни агар истаса 4,8 млн сўм қўшиб тўласа, талаба ҳар ой стипендия олиши ҳам мумкин бўлади;
* супер-контрактни йил давомида иккига бўлиб ёки ҳаттоки ойларга бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилади;
* бунда супер-контракт миқдорини ойларга бўлиб тўланганда ҳам, ўқув йилининг биринчи ярми учун камида 50 фоизи жорий йилнинг 1 ноябридан ҳамда иккинчи ярми учун 2020 йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тўланиши лозим;
* юқоридаги қоидалар кириш чизиғига 4 баллгача етмаган абитуриентлар учун ҳам амал қилади. Эслатиб ўтаман, кириш чизиғига 4 баллгача етмаганлар супер-контрактни қуйидаги миқдорда тўлашади:
1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;
1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;
2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;
3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.
Супер-контракт нархлари
Тўплаган бали кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмаган, лекин 56,7 дан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контракт миқдорлари тасдиқланди. Миқдорлар ўтган йилгидан деярли ўзгармаган.
Энг қиммат миқдор юриспруденция йўналишида — 25 баробар, яъни 229 млн 184 минг сўм.
Кейинги ўринда тиббиёт йўналишиники — 20 баробар, яъни 170 млн 649 минг сўм.
Қолган йўналишлар 10 ва 15 баробар миқдорда белгиланган.
1-ЭСЛАТМА: ушбу нархлар минимал миқдор ҳисобланади. Жорий йилдан бошлаб ОТМлар супер-контракт нархини ўзи мустақил белгилайди, фақат асосий шарти минимал миқдордан кам бўлмаслиги керак. Яъни юриспруденцияда супер-контракт 229 млн сўмдан кам бўлиши мумкин эмас, лекин талабга қараб бундан қиммат бўлиши мумкин. Супер-контракт нархининг аниқ қанча бўлишини ОТМдан бориб билишингиз мумкин.
2-ЭСЛАТМА: 56,7 баллдан кам тўплаганлар супер-контрактнинг камида 2 баробарини тўлашади. Масалан, юриспруденция камида 50 баробар, тиббиёт камида 40 баробар ва ҳ.к.