Қозоғистоннинг Ўзбекистондан анор олиб киришга қўйган тақиқи бўйича изоҳ берилди

Қозоғистоннинг Ўзбекистондан анор олиб киришга қўйган тақиқи бўйича изоҳ берилди

Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган хабарда 2018 йил ва жорий йилнинг январь-февраль ойларида Қирғизистондан Қозоғистонга олиб кирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари карантин кўригидан ўтказилганда 465 та ҳолатда фитосанитария талаблари бузилганлиги, жумладан, 59 ҳолатда карантиндаги зарарли организмлар мавжудлиги аниқланган. Ўздавкарантин ахборот хизмати мазкур масалага расмий муносабат билдирди.

Аввалроқ, Қозоғистон Ўзбекистондан анор олиб киришни вақтинча тақиқлагани ҳақида сайтимиз орқали хабар бергандик.

Шунингдек, Қозоғистон карантин хизмати Ўзбекистондан 2018 йилда икки ҳолатда (22 октябрда 684 кг ва 31 октябрда 615 кг) жўнатилган анордан Комсток қурти борлиги аниқланганини маълум қилган.

Халқаро фитосанитария назоратини амалга ошириш тажрибасига кўра, кўрик жараёнида ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларида карантиндаги зарарли организмлар аниқланса, зудлик билан экспорт қилувчи давлатнинг карантин хизматига маълум қилинади.

Айни пайтда нима сабабдан Қозоғистон карантин хизмати анордан Комсток қурти аниқланганидан қарийб 120 кун ўтиб бу ҳақда маълум қилгани ҳамда ушбу маҳсулот импортига вақтинча тақиқ қўйгани ўрганилмоқда ва музокаралар олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг анор маҳсулоти асосан Россия бозорларига етказилади (кўп ҳолларда Қозоғистон Ўзбекистон анорларини Россияга реэкспорт қилади).

Мамлакат экспортёрларига ҳозирда анор маҳсулотини Россия ва бошқа мамлакатларга Қозоғистон ҳудуди орқали транзит тарзида олиб ўтишларида ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмаслигини маълум қилинди.

Музокаралар якуни бўйича қўшимча ахборот берилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!