Қозоғистонда лойга ботиб қолган машинадаги 7 ўзбекистонликнинг тақдири қандай кечди?

Қозоғистонда лойга ботиб қолган машинадаги 7 ўзбекистонликнинг тақдири қандай кечди?

Қозоғистоннинг Қўстанай вилоятида жойлашган Арқалиқ шаҳри яқинида маҳаллий қутқарувчилар лойга ботиб қолган микроавтобус ичидаги 7 нафар ўзбекистонликка ёрдамга келди. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Дала йўлида Mercedes-Benz Vito русумли автомобиль лойга ботиб қолганига оид хабар қутқарувчиларга 7 ноябрь оқшомида келган. Машинада Ўзбекистоннинг 7 ватандоши (улардан уч нафари бола) бўлган. Улар чор-атрофни билмаганлари учун ўзлари турган жойни аниқ таърифлаб беролмаганлар. Ўзбекистонликларни қидириш ишлари 6 соат давом этган.

Машина Терсаққан дарёси устидаги ўтиш жойидан топилган. Қутқарувчилар машинани ботқоқдан чиқариб, ўзбекистонликларни Арқалиқ шаҳригача кузатиб борганлар.

Айтилишича, автомобиль ҳайдовчиси ва йўловчилари тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаганлар, улар ёзма равишда қутқарувчиларга миннатдорчилик хати қолдирганлар.

Эслатиб ўтамиз,  Ўзбекистонликлар Қозоғистон йўлларида турли йўл-транспорт ҳодисаларига йўлиқиб турадилар. Шу йил февралида ўзбекистонликлар тушган бир автобус Ақтўбе вилоятида ҳалокатга учраганди. Ўшанда ағдарилиб кетган автобусдаги етти киши тан жароҳати олиб, касалхонага етказилган.

18 январь куни эса Самара-Чимкент автойўлининг Қозоғистон Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган эди.

Manba: sof.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!