Қашқадарёда тиббиёт ходимларининг маоши 1 млн сўмга ҳам етмаслиги маълум бўлди

Қашқадарёда тиббиёт ходимларининг маоши 1 млн сўмга ҳам етмаслиги маълум бўлди

2018 йилнинг 9 ойи сарҳисоб қилинганда Қашқадарё вилоятида тиббиёт ходимларининг ойлиги 1 миллион сўмга ҳам етмаслиги аниқланди. Ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи эса 1 миллион 176 минг сўмни ташкил қилган. Бу ҳақда вилоят статистика бошқармаси маълум қилди, дея хабар беради Turon 24.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Қашқадарё вилоятида ўртача ойлик иш ҳақи 1 миллион 522 минг 700 сўм бўлган.

Ғузор туманида ўртача маош 2 миллион 330 минг сўмдан ошса, Қарши шаҳрида 1 миллион 676 минг сўмга тенг бўлган. Ўзига хос рейтингнинг энг қуйи поғонасидан Қарши тумани жой олган бўлиб, тумандагилар ўртача 1 милион сўм ҳақ эвазига меҳнат қилган.

2018 йилнинг январь—сентябрь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи тармоқлар бўйича ҳисобланганда, уч тармоқ — саноат (ўртача 2 миллион 501 минг сўм), молия ва суғурта фаолияти (2 миллион 452 минг сўм), ташиш ва сақлаш (2 миллион 208 минг сўм) вакиллари бошқаларга нисбатан энг кўп маош олувчилар сирасига кирган. Қолган тармоқларда эса ишчи-ходимларга бериладиган ўртача ойлик иш ҳақи 2 миллион сўмга етмаган.

Ҳисоб-китобларга кўра, қурилиш соҳаси мутахассиси ўрта ҳисобда ҳар ойда 1 миллион 873 минг сўм ойлик олган бўлса, ахборот ва алоқа соҳаси ходими 1 миллион 705 минг сўмга қаноат қилган.

Қашқадарё вилояти ҳудудлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Муборак туманида кузатилди. Мазкур туманда ишчи-ходимларга тўланган маош 2 миллион 501 минг сўмни ташкил қилди.

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!