Ногирон гўдаклар ҳамон туғилмоқда. Нега?

Ногирон гўдаклар ҳамон туғилмоқда. Нега?

Махсус боғчадаги болалар намойиш этган саҳна кўринишини тайёрлаш учун нафақат болалар, балки тарбиячилар ҳам анча меҳнат қилганлиги сезилиб турарди.

Саҳна кўриниши мураккаб эмас: болалар учун мўлжалланган куй-қўшиқ, шеър ва рақс. Аммо… Сафда тизилган болаларнинг бири қатордан чиқиб кетади, бири ўтириб олади, яна бири онасига қараб қўл силкийди. Улар – имконияти чекланган болалар. Шунинг учун ҳам биз учун жуда оддий кўринган саҳна кўринишларини бажариши минг машаққат билан амалга оширилмоқда. Тенгдошларидан кўра ақлий, жисмоний ривожланишдан ортда қолган болалар…

Бироқ уларнинг ҳаракатларига қараб тасанно айтасан. Айниқса, Асадбек исмли болакай шунчалик ёқимтойки, хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари билан сизни дарров ўзига қаратади-қўяди. Қувноқлиги, ҳаётсеварлиги, сўзамоллигидан завқланасиз. Тўғри, у сўзларнинг барчасини ифодалаб беролмайди, аммо гапларини эшитиб, завқланмай бўлмайди. Унга меҳрингиз тушиши баробарида наҳотки шундай меҳрли, ҳаётга чанқоқ, зийрак болакай бу ҳаётдан ниманидир тушуниб-тушунмай ўтса, деган оғриқли савол пайдо бўлади хаёлингизда.

Олти ёшлардаги бу болакай туғилган пайтда мамлакатимизда барча ҳомиладор аёллар скрининг текширувидан ўтиши лозим эди-ку, нега Асадбек болалар церебрал параличи билан туғилган, деган савол менга тинчлик бермади. Қўлларини ўпиб, томошабин аёллардан бирига жўнатаётган болакайнинг онаси ҳойнаҳой шу аёл бўлса керак, деган фикрда унга яқинлашдим. Оиласи, Асадбек ҳақида сўрадим. Турмуш ўртоғи билан қариндош эмас экан. Аммо ҳомиладор пайти хасталикка чалинганда эътиборсизлик қилибди.

– Ҳомиладор пайтингиз скрининг текширувидан ўтмаганмидингиз?

– Ўтгандим.

– Текширув натижалари ижобий эдими?

– Йўқ, дўхтирлар фарзандингиз ногирон туғилади, деб очиқчасига айтганди. Лекин мен ишонмагандим. Ўғил фарзанд кутаётгандик. Турмуш ўртоғим ҳам ҳомилани олдиришга рози бўлмади. Ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қилгандик. Аммо дўхтирларнинг гапи тўғри чиқди.

Бошқа оналар билан суҳбатлашаман. Улар ҳам шунга ўхшаш жавобларни айтишди. Оналарнинг кўзи мунгли, бироқ шундай бўлса-да, пушаймонман, деб айтолмайди. Ахир қандай айтсин?! Имконияти чекланган бўлса-да, фарзанди тирик, ёнида. Фақат ҳар кўрганда юраги тилка-пора бўлади. "Наҳотки мени фарзандим бир умр шундай яшаса", – дея азобланади.

Яқинда туғруқхоналардан бирига ҳомиладор аёлни келтиришди. Аёл тиббий картасини олиб келмагани маълум бўлди. Дўхтирлар аёлга шошилинч ёрдам бериши, фарзанд дунёга келиши керак. Икки дунё оралиғидаги аёл ҳадикда, дўхтирнинг қўлларини ушлаб олган. "Ҳаммаси яхши бўлади-а", – дейди тинмай. Минг азобда фарзанд туғилди. Туғилди-ю, дўхтирлар чақалоқни кўриб, бир-бирига хавотир билан назар ташлади. Гарчи ҳали мадорсиз бўлса-да, ҳозиргина фарзандли бўлган аёл буни сезди. Туғруқ пайтида бор-йўғи инграб қўйган бўлса, фарзандини кўриб, додлаб юборди. Маълум бўлишича, аёл скрининг натижаларини йўқ қилиб юборган экан.

Булар яқин йилларда, шу кунлардаги ҳаётимиздан олинган мисоллар, холос. Уларга гувоҳ бўлганимдан сўнг вилоят скрининг маркази томонидан айтилган "15 минг нафар ҳомиладор аёллар скрининг текширувидан ўтказилди. Уларнинг 300 га яқинида турли хасталиклар аниқланди" каби сўзларни эшитарканман, ишқилиб, бу ҳомиладор аёлларнинг орасида Асадбекнинг онаси сингари йўл тутганлар бўлмасин-да, деб қўяман.

Manba: darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!