Қуввати 6 000 МВт бўлган шамол электр станциялари лойиҳалари бўйича шартномалар имзоланди

Қуввати 6 000 МВт бўлган шамол электр станциялари лойиҳалари бўйича шартномалар имзоланди

Жорий йилнинг 2-3 май кунлари пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида III Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.

Унда кўплаб соҳалар бўйича тақдимотлар ўтказилиб, истиқболли лойиҳалар юзасидан ўзаро келишувларга эришилди.

Ана шундай келишувлардан бири Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари давлатлари ўртасида бўлиб ўтди.

Саудия Арабистони томонининг илтимосига кўра, кеча бўлиб ўтган имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

Унда Саудия Арабистонининг “ACWA Power”компанияси билан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида умумий қиймати 6,2 миллиард доллар, умумий қуввати 5 000 МВт бўлган шамол электр станцияси қурилиши мегалойиҳаси юзасидан “Электр энергиясини сотиб олиш битими” имзоланди.

Мазкур станция ишга туширилгач, йилига 17,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига ва 5,3 миллиард метр куб табиий газ захираси тежалишига имконият яратилади ҳамда 7,4 миллион тонна зарарли газларнинг атмосферага чиқарилиши олди олинади.

Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг “Amea Power” компанияси билан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида умумий қиймати 1,1 миллиард доллар, умумий қуввати 1 000 МВт бўлган шамол электр станцияси қурилиши лойиҳаси юзасидан “Электр энергиясини сотиб олиш битими” имзоланди.

Ушбу станция ишга туширилиши туфайли йилига 3,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 1,060 миллиард метр куб табиий газ захираси тежалади. 1,48 миллиард тонна зарарли газларнинг атмосферага чиқарилиши олди олинади, дейилада Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабарида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!