КХДР Жанубий Корея билан чегарада девор қурмоқда

КХДР Жанубий Корея билан чегарада девор қурмоқда

Шимолий Корея ҳарбийлари Жанубий Корея билан чегарадаги демилитаризация зонасида деворлар, йўллар қуришни ва ер қазишни бошлади. Бу ҳақда Жанубий Корея қуролли кучларидаги исми ошкор этилмаган манбага таяниб, Yonhap хабар берди.

Шимолий чегара чизиғи ва Ҳарбий демаркация чизиғи ўртасидаги айрим ҳудудларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бироқ материалда демилитаризация зонасининг қайси ҳудудлари ҳақида гап кетаётгани номаълум.

Сўнгги пайтларда Шимолий Корея ҳарбийлари девор қуриш, қазиш ва йўллар ётқизиш билан шуғулланмоқда, — дейилади хабарда.

Бироқ манба Пхеньяннинг якуний мақсади ҳали аниқ эмаслигини таъкидлади. Жумладан, Шимолий Корея ҳарбийлари чегарада девор қуриши ёки муайян ҳудудларда мудофаа тузилмаларини ўрнатиши мумкин.

Чегарадаги вазият

11 июнь куни Жанубий Корея ҳарбийлари чегарани кесиб ўтган Шимолий Корея аскарларига ўқ узгани хабар қилинди. Манбаларга кўра, КХДР ҳарбийлари икки мамлакат ўртасидаги қуруқлик чегарасини 9 июнь куни бузиб ўтган. Жанубликларнинг огоҳлантирувчи ўқларидан сўнг улар ортига қайтган. Чегарани бузган шимол аскарлари сони 20 нафар атрофида бўлган. Жанубий Кореянинг Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси ушбу хабарни тасдиқлаган.

Чегарани бузган аскарларнинг бир қисми қуролланган бўлган. Кўпчилиги эса иш қуролларини олиб юрган. Улар қандай мақсадда чегарадан ўтгани аниқланмаган. Демилитаризация зонаси дунёдаги энг кучли қўриқланадиган ҳудудлардан бири бўлиб, тиканли симлар билан ўралган. Зонанинг ҳар икки томонида йирик ҳарбий контингент жойлашган.

Ушбу зона 1950-1953 йиллардаги Корея уруши сулҳ билан якунланганидан бери икки Корея давлати ўртасида буфер зона бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу демилитаризация зонаси Шимолий ва Жанубий Кореяни горизонтал равишда иккига бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!