Донор қони плазмасидан дори воситаларини ишлаб чиқариш тартиби белгиланди

Донор қони плазмасидан дори воситаларини ишлаб чиқариш тартиби белгиланди

“Донор қонидан дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди, деб хабар беради Norma.

Президентнинг “2022–2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони билан донор қонини тўплаш ва унинг асосида фармацевтика маҳсулотларини хусусий тартибда ишлаб чиқаришга тақиқ бекор қилинган.

Қайд этилишича, ҳукумат қарори билан Донор қонидан дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Белгиланишича, донор қонидан қон плазмасини дори моддаси (субстанция) сифатида ажратиб олиш, тўплаш, унинг асосида дори воситаларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва етказиб беришга қуйидаги талабларни бажарган юридик шахслар учун рухсат берилади:

  • тиббий ҳамда фармацевтика фаолияти учун тегишли лицензияларга эга бўлиш;
  • “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”нинг миллий талабларига мувофиқлик тўғрисида сертификатга эга бўлиш;
  • донор қонидан қон плазмасини дори моддаси (субстанция) сифатида плазмафарез усулида Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилган тиббий техника воситасида ажратиб олиш.

Шунингдек, қон плазмасидан дори воситаларини ишлаб чиқаришда сифатни таъминлашга доир талаблар алоҳида тарзда белгиланган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 23 апрелдан кучга кирди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!