Польша Ўзбекистонда автомобиллар учун газ қурилмалари ишлаб чиқаришни ташкил этиши мумкин

Польша Ўзбекистонда автомобиллар учун газ қурилмалари ишлаб чиқаришни ташкил этиши мумкин

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев амалий ташриф билан ушбу мамлакатнинг Подляски воеводелигида (вилоят) бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Сафар давомида Подляски воеводелиги ҳукумати вакили Яцек Брзозовски, маршал ўринбосари Марек Олбриж ва Белосток шаҳри мэри Тадеуш Трусколаски билан учрашув ўтказилди.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида Хоразм вилояти ва Подляски воеводелиги ўртасида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, озиқ-овқат, транспорт ва коммуникациялар, ахборот технологиялари, мебел ишлаб чиқариш, спорт ва туризм каби соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Томонлар, шунингдек, Урганч ва Белосток шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олдилар.

Дипломатик миссия томонидан Белосток Савдо-саноат палатасида мамлакат салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда Белосток Савдо-саноат палатаси президенти Витолд Карчевски ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, металлургия ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда автомобиллар учун газ қурилмалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, кластерлар асосида сут қабул қилиш пунктларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Белосток политехника университети ректори Марта Косиор-Казберук билан кечган мулоқот якунлари бўйича томонлар Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасаси билан видео-кўприк ўтказиш, шунингдек, Полша университетининг Урганч шаҳрида филиалини очиш, Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури ва NAWA лойиҳаси доирасида грант асосида ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш тўғрисида аҳдлашиб олди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!