Покистонда терроризмга қарши кураш қўмитаси раҳбари террорчилар томонидан ўлдирилди

Покистонда терроризмга қарши кураш қўмитаси раҳбари террорчилар томонидан ўлдирилди

Покистон жанубида юз берган теракт оқибатида 7 июль куни терроризмга қарши кураш қўмитаси раҳбари ўлдирилган. Бу ҳақда Arab News нашри Покистон ҳукумати манбаларига таяниб, хабар берди.

Ҳолат Покистон жанубидаги Карачи шаҳри яқинида рўй берган. Номаълум қуролли шахслар ҳужум қилиши оқибатида терроризмга қарши қўмита раҳбари ва яна бир нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Карачидаги терроризмга қарши кураш қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Али Разанинг жасади Синд вилояти полициясининг терроризмга қарши кураш бошқармасига қарашли жасадларни қабул қилиш бўлимига жойлаштирилган. Бир қанча манбалар терроризмга қарши кураш қўмитаси раҳбарига суиқасдни ғарбий вилоятлардаги ИШИДга алоқадор кучлар ташкил этган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Карачидаги тергов органи инспектори ўринбосари Осиф Эжаз Шайх ҳолат юзасидан матбуотга баёнот эълон қилган. Ҳолат Каримобод тумани ҳудудида юз берган бўлиб, икки нафар ҳужумчи давлат ходимига ўқ узган.

“Ҳозирги вазият ниҳоятда мураккаб, барча терроризмга қарши кураш органлари ходимлари таҳдидларга дуч келишмоқда. Уларга ҳужумлар уюштирилмоқда”, — деган Осиф Эжаз Шайх.

Ҳужум учун жавобгарликни ҳеч қайси гуруҳ ўз зиммасига олмаган. Собиқ ҳарбийнинг жасадини ўрганган жарроҳ Суммайия Саед Arab News телеканалига берган интервьюсида Али Раза кўкрак, бўйин ва бошидан кўплаб ўқ жароҳатлари олганини, бунинг оқибатида эса кўп қон йўқотишдан ҳалок бўлганини билдирган.

Ҳужумда ҳалок бўлган иккинчи инсон хусусий ширкатда қоровул бўлиб ишлаган 38 ёшли Вақар исмли шахс бўлган. У жароҳатланган яқин атрофдаги Жинна касалхонасига олиб кетилган. Кўрсатилган ёрдамга қарамай, фуқаро касалхонада вафот этган.

Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ҳарбий Али Раза Карачининг Ляри ҳудудида ўрнашган наркотик ташувчи тўдалар, “Таҳрики Толибон” ва турли мазҳаб гуруҳларига қарши операцияларда фаол иштирок этган. 2013 йилда, собиқ бош вазир Навоз Шариф ҳукумати даврида Али Раза йирик раҳбарлик лавозимларида ишлаган ва Покистон жанубий энг йирик шаҳрида жиноятчилик даражасини кескин туширишга эришган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!