“Дарахтлар реестри" лойиҳаси доирасидаги ўқув курслари биритувчиларига сертификатлар топширилди

Марказий Осиё атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида ("Green University") “Дарахтлар реестри" лойиҳаси доирасидаги ўқув курслари битирувчиларига сертификатлар топширилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Президентининг “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонларига мувофиқ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди, "Green University" ҳамда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Тадбира нутқ сўзлаган Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ёшларнинг экологик билимлари, кўникмалари ва масъулиятини ошириш атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилишнинг энг самарали йўли эканлигини таъкидлади.
"Бугунги кунда экологик муаммолар долзарб тус олмоқда. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлим ўзгариши, яшиллик даражасининг йўқолиб бориши албатта табиатга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу муаммоларни ҳал қилишда эса ёшларнинг ўрни, аҳамияти катта, — деди вазир. — Мазкур лойиҳа сиз ёшларнинг экологик билимларингизни янада оширишга, жумладан, дарахтларни хатловдан ўтказиш борасида етарлича кўникмага эга бўлишингизга ёрдам беради. Ишонаманки, биргаликда дарахтларни асраб-авайлаш ва яшиллик даражасини ошириш борасида кўплаб ишларни амалга оширамиз".
Тадбир давомида ёшлар уларга билдирилаётган ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилишларини билдиришди. Ўз навбатида вазир уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб, ёшларнинг интилишлари, ташаббуслари ҳар доим қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Маълумот учун, ўқув курслари давомида умумий экологик билимларни ошириш, Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари, дендрологик билимларни мустаҳкамлаш, дарахт турлари ва ёшини аниқлаш, дарахтларнинг касалланишига йўл қўймаслик, уларни тўғри парваришлаш, суғориш тизимларини ўрганиш, геодезия ва GNSS қурилмаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
"Дарахтлар реестри" лойиҳаси Тошкент шаҳри ҳудудидаги барча дарахт турларини аниқлаш ва уларнинг биологик хусусиятларини белгилаш, ҳар бир дарахт тури ва унинг экотизимдаги рольи, шунингдек, шаҳар иқлимига таъсири ҳақида маълумот тўплаш, дарахтларнинг шаҳардаги иқлим ўзгаришларига мослашувчанлигини ўрганиш, шаҳарни иқлим ўзгаришларига тайёрлаш ҳамда маълумотлар базасини яратиш, дарахтларнинг тури, жойлашуви, ёши, ҳолати ва экологик хусусиятлари ҳақида тизимли маълумотларни сақлашга хизмат қилади.
Қолаверса, курснинг муваффақиятли амалга оширилиши Тошкентнинг экологик ҳолатини яхшилаш, шаҳарни барқарор ривожлантириш ва яшил инфратузилмани кучайтиришни таъминлайди.