Бухорода «Халқаро математика мактаби» ташкил этилди

Бухорода «Халқаро математика мактаби» ташкил этилди

Қоракўл туманидаги 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига «Халқаро математика мактаби» мақоми берилди. Бу ҳақда Норма хабар берди.

Бухоро вилояти Қоракўл тумани Улуғбек кўчаси 5-уй манзилида жойлашган Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда мактабга бепул берилади.

Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларини чуқур ўқитиш, ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ҳамда уларни республика ва халқаро фан олимпиадаларига қатнашишга тайёрлаш халқаро мактабнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб халқаро математика мактабининг 7-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинади. Унда математика фанига қизиқувчи хорижий фуқаролар ҳам шартнома асосида таълим олиши мумкин.

Таълим жараёни сифатини ошириш учун мактаб хорижий мамлакатлардан ҳам ўқитувчиларни ишга қабул қилишга ҳақли. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги 173-сон қарорида назарда тутилган устамалар халқаро мактаб ходимларига тўланмайди. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб директор, унинг ўринбосарлари ва ўқитувчилар бюджет маблағлари ҳисобидан 100% қўшимча устама ҳақ олади.

 

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!