Бурун тўсиғининг қийшиқлиги қандай касалликларга сабаб бўлиши мумкин?

Бурун тўсиғининг қийшиқлиги қандай касалликларга сабаб бўлиши мумкин?

Бурун – нафас олиш тизимининг дарвозаси бўлиб, унинг асосий вазифаси ўпкага кирувчи ҳавони иситиш ва тозалашдан иборат. Бурун тўсиғининг қийшиқлиги ушбу аъзо фаолиятига салбий таъсир этиб, организмда жиддий ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин.

👨‍⚕️ Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Ҳасанов қуйида батафсил маълумот беради.

😀— Бурун тўсиғи – унинг ўнг ёки чап томонини ажратиб турувчи девор бўлиб, тўқималар ва суякдан ташкил топган, — дейди мутахассис. — Оддий ҳолларда у симметрик бўлиши ва бурун ичидаги ҳавони икки қисмга тақсимлаши лозим. Аммо кўпинча ва турли сабабларга кўра, бурун тўсиғи бир томонга қийшайиб қолади.

😀 Таъкидлаш керак, бу ҳолат оториноларингологияда энг кўп учрайдиган муаммолардан бири ҳисобланади. Унинг келиб чиқишига бир неча омиллар сабаб бўлиши мумкин. Хусусан, айрим инсонларда туғилганиданоқ бурун тўсиғи оғган бўлади. Бу эса кўпинча генетик ёки она қорнидаги механик таъсирлар туфайли юзага келади.

Шунингдек, у турли жароҳатлар, буруннинг суяк-тоғай системаси юз суякларига нисбатан тезроқ ўсиши ҳамда полип ва ўсмалар туфайли ҳам пайдо бўлади. Қийшиқлик шакли, жойлашган жойи, узунлиги ва бурундан нафас олишнинг бузилишига қараб турлича бўлиши мумкин.

🔹 Касаллик бир неча белгилар билан намоён бўлади. Аввало, бурун тўсиғи бир ёки икки томондан қийшиқ бўлса, ушбу аъзо орқали нафас олиш мураккаблашади. Оқибатда ҳаво оқими тўғри бўлмагани боис инсон фақат оғиз орқали нафас олишга мажбур бўлади. Бу, ўз навбатида, бурун чиғаноқларида қоннинг димланишига, у эса тўқиманинг шишига олиб келади.

✅ Шунингдек, бурун битиши, ундан шиллиқ ва шиллиқ-йирингли ажралма келиши, бош оғриғи, томоқ қуриши, ҳид билишнинг пасайиши ва қулоқларнинг битиши ҳам бурун тўсиғи қийшиқлигининг асосий белгиларидир.

😷 Агар ушбу ҳолат ўз вақтида бартараф этилмаса, бурун ва унинг ёндош бўшлиқларида турли касалликлар, жумладан, ангина, сурункали тонзиллит, синусит, фарингит, ларингит, ўрта қулоқдаги турли асоратлар, бронхиал астма, миокардит, бронхит, пневмония, юз-жағ соҳасда деформациялар юзага келиши мумкин.

‼️ Бурун тўсиғининг қийшиқлигини аниқлаш учун оториноларинголог (ЛОР)га мурожаат қилиш лозим. Шифокор махсус қурилмалар ёрдамида бурун ичидаги ҳолатни текшириб, керакли таҳлилларни ўтказади. Агар муаммо жиддий бўлса, беморга операция – септопластика тавсия қилинади. Мазкур хирургик амалиёт беморнинг нафас олишини тўлиқ яхшилайди. (https://telegra.ph/file/31c6c324f98d958b049e4.png)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!