Байрутдаги портлаш айбдорлари: Ливан Интерполдан икки нафар Россия фуқаросини ҳибсга олишни сўради

Байрутдаги портлаш айбдорлари: Ливан Интерполдан икки нафар Россия фуқаросини ҳибсга олишни сўради

Август ойида Ливан пойтахти Байрут шаҳридаги портда кучли портлаш юз берганди. 1 октябрь куни ушбу ҳолатни ўрганаётган терговчилар Россия фуқароси бўлган икки нафар шахсни ҳибсга олиш бўйича буйруқ берди. Қўлга олиниши керак бўлган шахслар портда портлаган катта миқдордаги моддаларни етти йил аввал бу ерга ташиб келган кема капитани ва унинг эгаси ҳисобланади.

Ливан Миллий ахборот агентлигининг маълум қилишича, судя Фади Савван ҳукумат прокурорларига ушбу ҳолатни очиқлаган ва прокурорлар Интерполдан икки нафар Россия фуқаросини ҳибсга олишни сўраган. Миллий ахборот агентлиги бу икки шахснинг исмини айтмаган.

Лекин, маълум бўлишича, 2013 йилда Туркиядан Байрутга катта миқдордаги портловчи моддани ташиб келган “MV Rhousus” кемаси капитани Борис Прокашев бўлган. Ушбу кеманинг эгаси эса айни пайтда Кипрда яшовчи россиялик тадбиркор Игорь Гречушкин бўлиб, у мазкур юк ташувчи кемани 2012 йилда кипрлик бизнесмен Караломбос Манолидан сотиб олган. Гречушкин Интерполнинг Ливандаги бўлими талаби билан август ойида сўроқ қилинган.

Байрут портига яқин ҳудуддаги омборда анча вақтдан бери сақланаётган 3000 тоннага яқин аминакислота 4 августда портлаганди. Оқибатда 193 киши вафот этган, 6500 та атрофида одам жароҳатланган ва бир неча миллиард доллар миқдорида моддий зарар кўрилган. Шундан бери 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинди. Ушбу ҳодиса тарихда қайд этилган ядровий портлашдан ташқари энг катта портлашлардан бири бўлди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!