2024 йил май ойига кўра I-II-III-IV тоифага мансуб объектларга 9782 та экспертиза хулосаси тақдим қилинган

2024 йил май ойига кўра I-II-III-IV тоифага мансуб объектларга 9782 та экспертиза хулосаси тақдим қилинган

2024 йил май ойи якуни ҳолатига кўра, ўрта, паст ва маҳаллий даражада хавфли бўлган I-II-III-IV тоифага мансуб объектларга 9782 та экспертиза хулосаси тақдим қилинган.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат экологик экспертизаси маркази ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Акрамова маълум қилди.

Жамоатчилик эшитуви - юртимиздаги қурилиш лойиҳалари ва уларнинг қурилишида экологик талабларга қатъий риоя қилиниши ҳамда атроф-муҳит ва жамиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар хусусида очиқ йиғилиш ёки учрашувдир.

Бу жараёнда давлат органлари, маҳаллий ҳокимиятлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, лойиҳа ишлаб чиқувчилари, мутахассислар ва оддий фуқаролар иштирок этади. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари вакиллари жамоатчилик эшитувларида кузатувчи сифатида қатнашади. Туман, шаҳар ҳокимликлари жамоатчилик эшитувининг ташкилотчиси ҳисобланади.

Эшитувдан мақсад жамоатчиликка қурилиш лойиҳаси ҳақида тўлиқ маълумот бериш, фуқароларнинг фикрлари ва таклифларини тинглаш, лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини жамоатчилик билан муҳокама қилиш ҳамда уларнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа бўйича қарор қабул қилиш.

Жамоатчилик эшитувларида маълум бир лойиҳа, қурилиш, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишдан олдин оммага лойиҳа маълумотлари батафсил, тўлиқ ва тушунарли шаклда тақдим этилиши лозим бўлади.

Хусусан, лойиҳа амалга ошириладиган жойнинг аниқ манзили, фаолият тури ва мақсади, иш жараёнлари ҳамда уларнинг давомийлиги ҳақида маълумот, лойиҳа доирасида қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва бу маҳсулотлар қандай технологиялар асосида тайёрланиши, ўрнатиладиган ускуналар ва уларнинг хусусиятлари, турлари, ишлаши учун керакли шароитлар ҳамда уларнинг хавфсизлиги, ишлаб чиқариш жараёнида қандай қувват манбалари ва ресурслардан фойдаланилиши, ишлаб чиқариш жараёнида атмосфера, сув ва ер омилларининг ифлосланиши, шовқин, радиация ва бошқа таъсирлар тўғрисида маълумотлар тақдим қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Бугунги кунда юқори ва ўрта даражада хавфли фаолият турлари бўйича жамоатчилик эшитувларини ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан тасдиқланган “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳаларини жамоатчилик эшитувларидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом” талабларига биноан амалга оширилади.

Давлат экологик экспертизаси маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар филиалларининг экспертлари томонидан 2024 йил 1 январдан 31 май якуни ҳолатига кўра, ўрта, паст ва маҳаллий даражада хавфли бўлган I-II-III-IV тоифага мансуб объектларга 9782 та экспертиза хулосалари тақдим қилинган. Шундан, жамоатчилик эшитувлар ўтказилган ва жамоат томонидан мақулланган объектлар сони 6282 та, хулосаси рад этилган ёки қайта ишлашга юборилган ҳужжатлар сони эса 699 тани ташкил қилади.

Қандай ҳолатларда салбий экспертиза хулосаси тақдим қилинади ёки ҳужжатлар қайта ишлашга юборилади?

- лойиҳа бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилмаган бўлса ёки аҳоли жамоатчилик эшитувларида лойиҳани мақулламаган бўлса;

- жамоатчилик эшитувлари Вазирлар Маҳкамасининг 541-сонли қарорининг 3-иловаси талабларига биноан ўтказилмаган ва расмийлаштирилмаган бўлса;

- режалаштирилаётган фаолият учун танланган ер майдони аҳоли яшаш хонадонлари санитар ҳимоя минтақасида жойлашган бўлса;

- ишлаб чиқариш жараёнлари ва атроф-муҳитнинг экологик ҳолати тўлиқ ёритилмаган бўлса;

- атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддалар манбалари, кўрсаткичлари ва миқдори меъёрий ҳужжатлар талабларига зид ёки нотўғри ҳисобланганда;

- ишлаб чиқариш жараёнларида сарф этиладиган сув манбалари, зарур сув миқдори, ҳосил бўладиган оқава сувлар манбалари, тозаланиш усуллари, кўрсаткичлари ва миқдори меъёрий ҳужжатлар талабларига зид ёки нотўғри ҳисобланганда;

- ишлаб чиқариш жараёнларида ҳосил бўладиган чиқиндилар, уларни турлари, хавфлилик даражаси, ҳосил бўлиш миқдорлари, сақланиш жойлари ва олиб чиқиб кетиш усуллари меъёрий ҳужжатлар талабларига зид ёки нотўғри ҳисобланганда;

- танланган ер майдони ҳудудида мавжуд дарахтлар ва буталарга шикаст етказиш, уларни кесиш хавфи бўлганда, ҳамда лойиҳа ҳужжатларида ишлаб чиқариш фаолиятининг атроф-муҳитга таъсирини экологик баҳолаш учун имконият бермайдиган бошқа камчиликлар аниқланганда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!