Ўзбекистон Афғонистонда 6 миллион долларга мадраса қуради

Ўзбекистон Афғонистонда 6 миллион долларга мадраса қуради

Ўзбекистон Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги Хайр ал-Мударис Имом Бухорий мадрасаси қурилишини молиялаштиради.

TOLOnews хабарига кўра, 21 август куни қурилишни ишга тушириш маросимида Балх вилояти губернатори ўринбосари Нур ал-Ходий Абу Идрис ва Ўзбекистоннинг Афғонистондаги бош консули Фарҳод Назаров иштирок этган.

Хайр ал-Мударис Имом Бухорий мадрасаси 0,6 гектар майдонда жойлашган бўлиб, 1000 нафар талабага диний таълим беради. Унинг қурилиши Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Бахтиёр Саидов ва «Толибон» етакчилари ўртасида жорий йилнинг 12-13 март кунлари бўлиб ўтган музокаралари доирасида келишиб олинган эди.

«Бу диний мактаб Балх ҳокимининг илтимосига биноан қурилмоқда. Биз бу лойиҳага бир йил вақт ажратдик, шу вақтгача у тугалланади», - деди Назаров.

Бош консул, шунингдек, Ўзбекистон тез орада Афғонистон фуқаролари учун таълим ва бизнес визаларини беришни қайтадан бошлашини қўшимча қилди.

Маҳаллий мутасаддилар ушбу мактабнинг қурилишини алоқаларни мустаҳкамлашдаги муҳим қадам деб ҳисобламоқда.

– Худо хоҳласа, ушбу мактабнинг ташкил этилиши Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди, – дейди Балх вилояти таълим бошқармаси бошлиғи Абдул Жалил Шаҳидхил.

Қайд этилишича, қурилиш қиймати 6 миллион долларга баҳоланган. Бу маълумот мадраса қурилишини бошлаш маросимидан олинган баннерлар суратида келтирилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!