Уй-жой коммунал хизматлар вазирлиги фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар аниқланди

Уй-жой коммунал хизматлар вазирлиги фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар аниқланди

Уй-жой коммунал хизматлар вазирлиги фаолиятида соҳанинг тезкор ривожланишига тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар аниқланди. Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг турли соҳалардаги давлат бошқарув тизимлари фаолияти самарадорлигига оид таҳлили шундан далолат бермоқда. 

Хусусан, таҳлил натижалари коммунал жиҳозлар ва сув таъминоти муҳандислик коммуникацияларининг яроқсиз ҳолатга келганини кўрсатмоқда. 2 888 (40 фоиз) сув таъминоти, 4 512 (32 фоиз)  сув қувури иншоотлари, 19 753 км (36 фоиз) сув таъминот тармоқлари, 567 км (31 фоиз) канализация коллектори ва 1 368 км (25 фоиз) канализация тармоғи таъмирга муҳтож. Иссиқлик таъминоти корхоналарининг юқори дебиторлик ва кредиторлик қарздорлиги натижасида 758 қозонхона ва 5 000 км иссиқлик тармоқлари ҳолати иссиқлик энергиясининг меъёрдан юқори йўқотилишига олиб келгани аниқланган. 

 «Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш» ДУК ва «Иссиқликэлектрлойиҳа» АЖ уй-жой коммунал хизматлар соҳасидаги лойиҳа хизматлари бозоридаги иқтисодий концентрация рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ келмайди ва соҳа рақобатбардошлиги ривожига тўсқинлик қилувчи сезиларли омил ҳисобланади. 

Давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги механизми етарлича йўлга қўйилмагани, инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай имкониятларнинг йўқлиги корхоналар УКХ норентабеллиги билан биргаликда соҳанинг сармоявий жозибадорлигини камайтиради ва бюджет харажатларни самарали сарфлашга имкон бермайди. 

Соҳада давлат функцияларини оптималлаштириш зарурати мавжуд. 

Уй-жой коммунал тариф сиёсатини такомиллаштириш, шу жумладан рағбатлантирувчи тариф бошқарувини ишлаб чиқиш ва татбиқ қилишга оид чоралар етарлича қабул қилинмаган. Бу ушбу соҳанинг камомадлиги, коммунал корхоналарнинг қарздорлиги ўсишига сабаб бўлмоқда. Соҳанинг молиявий ҳолати билан боғлиқ камчиликлар ташкилотларда сув ва иссиқлик таъминотига доир кредиторлик (1,2 триллиондан ортиқ) ва дебиторлик (531 миллиард сўмдан зиёд) қарзлари мавжудлигига бориб тақалади. 

Уй-жой коммунал хизматлар соҳасининг яна бир катта камчилиги — кўп қаватли уй-жой фонди эксплуатациясининг барча жабҳаларини тартибга солувчи тегишли қоида ва нормаларнинг йўқлиги. 

Соҳадаги мавжуд камчиликларнинг комплекс якунлари бўйича илғор хорижий тажрибани ҳисобга олиб, Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан тизимни такомиллаштириш ва унинг инвестицион жозибадорлигини оширишга оид тегишли таклифлар тайёрланди.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!