Сифатсиз дори воситалари ва тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

Сифатсиз дори воситалари ва тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан йўқ қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси амалдаги қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларга қатъий риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда.

Жумладан, “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан, мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний, яширин йўллар билан кириб келган, умумий қиймати 626,9 миллион сўмлик, 39 турдаги дори воситалари йўқ қилинди.

Тадбирда Бюронинг Наманган шаҳар бўлими, Божхона, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари вакиллари иштирок этди. “Дори-дармон” акциядорлик жамияти омборхонасида сақланаётган, жиноий иш материаллари бўйича ашёвий далил сифатида қайд этилган 14 минг 405 дона система ва дори-дармон ҳамда тиббий восита сифати кафолатланмагани учун куйдириш печида ёқилди.

Шунингдек, МИБ Янги Наманган туман бўлими иш юритувидаги йўқ қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлашга қаратилган галдаги мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотлари кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилинди. Дарвоқе, вилоят божхона бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида айланма йўллар орқали кириб келган ва муомалага чек қўйилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган “Milano”, “Esse” номли 13 минг 579 қути, қиймати 108,7 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Тадбир давомида кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида махсус печларда тамаки маҳсулотлари ёқиб юборилди. Умуман олганда, Бюронинг туман бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида тўртта ҳолатда умумий қиймати 222,6 миллион сўмлик 28 минг 559 қути тамаки маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!