Тошкентда МИБ томонидан 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилган

Тошкентда МИБ томонидан 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилган

Ихтиёрий равишда тўланмаган қарзлар қонунчиликка мувофиқ мажбурий равишда ундирилади. МИБнинг Сергели тумани бўлими иш юритувига қарздор “Г.Л.C.” масъулияти чекланган жамиятидан давлат бюджетига солиқ қарздорликларини ундириш билан боғлиқ 27 та (1 миллиард 871 миллион 914 минг сўмлик) ижро иши келиб тушган.

Бироқ ихтиёрий муддатда қарздор корхонанинг мансабдор шахслари давлат ижрочисининг қонуний талабларини бажармаган.

Оқибатда, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздорга тегишли бўлган “Trailblazer” автотранспорт воситаси мавжудлиги аниқланган ва ундирув мазкур автотранспорт воситасига қаратилган. Лекин қарздор “Траилблазер”ни давлат ижрочисига далолатнома асосида топширишга қаршилик қилган.

Олиб борилган қидирув ижро ҳаракатлари натижасида қарздорга тегишли бўлган “Trailblazer” йўлларда ҳаракат пайтида ушланиб, жарима майдончасига жойлаштирилди. Айни пайтда автомобилни электрон-онлайн ауцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.

МИБнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими иш юритувига Тошкент шаҳар Иқтисодий судининг ижро варақасига асосан, қарздор “О.М.И.” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи “А.М.Г." масъулияти чекланган жамияти фойдасига жами 2 миллиард 710 миллион сўм қарздорликни ундириш ҳақидаги ижро иши келиб тушган.

Давлат ижрочиси томонидан қарздорга қонун талаби асосида ихтиёрий муддат берилган. Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга нисбатан мажбурий ижро чоралари қўлланилиб, асосий воситаларга ва қарздорга тегишли бўлган барча кўчар ва кўчмас мол-мулкларига банд солинган.

Қарздорга тегишли банд солинган мулкларни давлат ижрочиси томонидан реализация қилиш чоралари кўрилаётган вақтда қарздор томонидан жами 2,7 миллиард сўм миқдоридаги қарздорлик тўлиқ қопланди.

Бундан ташқари, МИБнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими иш юритувига Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг ижро варақасига асосан қарздор ташкилотдан ундирувчи "М.г. ва д." масъулияти чекланган жамиятининг фойдасига 1,3 миллиард сўмдан зиёдроқ маблағини ундириш ҳақидаги ижро иши келиб тушган.

Давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор номига расмийлаштирилган 20 турдаги автотранспорт воситалари тегишли тартибда хатланган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 20 та транспорт воситасини реализация қилиш чораларига киришилган вақтда қарздор ташкилот қарздорликни тўлиқ қоплади ва ижро иши тамомланди.

Айтиб ўтиш керакки, МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилот ҳамда идоралар билан биргаликда ижро ҳужжатларига асосан мавжуд солиқ қарздорликларини ундириш мақсадида “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Қарздор жисмоний ҳамда юридик шахслардан қарздорликлар ундирилмоқда.

Хусусан, ҳудудий бўлимлар иш юритувида бўлган 431 мингдан ортиқ 10,4 триллион сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, 150 мингга яқин ижро ҳужжатлари тамомланиб, 2,2 триллион сўм қарздорлик ундирилган.

Солиқ қарздорликларини камайтириш, ундирувларни жадаллаштириш борасида жойларда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!