Самарқанддаги ДСЭНМда карантин қоидалари бузилгани учун марказ масъули жаримага тортилди (ВИДЕО)

Самарқанддаги ДСЭНМда карантин қоидалари бузилгани учун марказ масъули жаримага тортилди (ВИДЕО)

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳар санитария ва эпидемиология назорати маркази карантин қоидаларига зид равишда фаолият юритаётгани акс этган сурат пайдо бўлди. Самарқанд вилоят прокуратураси мазкур ҳолатга эътибор қаратди ва вилоят ДСЭНМ ҳамда шаҳар санитария ва эпидемиология назорати маркази жойлашган бинода ўрганиш ишларини олиб борди.

Прокуратура ахборот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, вилоят ва шаҳар ДСЭНМ жойлашган бинога киришда ҳам карантин талабларига риоя қилиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмаган. Хусусан, бино ташқарисида ижтимоий масофани сақлаш учун лента ёки бирон бир белги қўйилмаган. Оқибатда одамлар тўпланиб қолишига, улар ходимлар томонидан текширилмасдан ичкарига киришига йўл қўйилган. Марказ ходимлари ҳимоя ва дезинфекция воситалари билан таъминланмаган.

 

«Ушбу ҳолат юзасидан ваколат доирасида чора кўрилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Бинонинг кириш қисмига ижтимоий масофани кўрсатувчи чизиқлар чизилиб, карантин талаблари бўйича аниқланган камчиликлар бартараф этилиши таъминланди», — дейилади прокуратура хабарида.

Таъкидланишича, марказ биноси турли чиқиндилардан тозаланиб, бинога кириш жойида ҳар бир фуқарони дезинфекцияловчи иккита ускуна ташкил этилган. Ҳужжатлар билан ишловчи инспекторлар хонасига антисептик воситалар қўйилиб, ходимлар тиббий қўлқоплар билан таъминланган.

Камчиликларга йўл қўйган масъул ходим Турсун Ражабовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисмига асосан маъмурий баённома тузилиб, жарима белгиланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!