Пекин университетида Ўзбекистон маданияти, таълими ва туризми тақдимоти бўлиб ўтди

Пекин университетида Ўзбекистон маданияти, таълими ва туризми тақдимоти бўлиб ўтди

Пекин университетида (Peking University) Наврўз байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда иштирок этган университет профессор-ўқитувчилари барча иштирокчиларни байрам билан қутлаб, ушбу олийгоҳ фаолияти ва унинг Марказий Осиё мамлакатлари олий ўқув юртлари билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари билан таништирди.

Маданий фестивалда Марказий Осиё мамлакатларининг Пекиндаги дипломатия ваколатхоналари ходимлари, 10 дан зиёд ОАВ вакиллари ва блогерлар ҳамда ушбу олийгоҳда таҳсил олаётган 300 нафарга яқин Марказий Осиёлик ва хитойлик талабалар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган элчихонамиз вакиллари, ўзининг 3 минг йилдан ортиқ тарихига эга бўлган ва Хитойдан то Болқон давлатларига қадар чўзилган минтақа халқлари ҳаётида муҳим ўрин тутиб, кенг нишонланадиган Наврўз байрами 2009 йил 30 сентябрда инсоният маданий меросининг ажралмас қисми сифатида ЮНЕСКО томонидан Умумжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганлигини ҳамда 2010 йилнинг 19 февралда БМТ Бош Aссамблеясининг 64-сессиясида 21 март — "Халқаро Наврўз куни" деб эълон қилинганлигини алоҳида таъкидладилар.

Наврўз байрами турли халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни рағбатлантириш, қўшничилик муносабатлари, дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Байрам тадбири доирасида мамлакатимиз дипломатлари ва ушбу олийгоҳдаги ватандош талабалар Ўзбекистон маданияти ва туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилдилар. Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди.

Иштирокчиларга сўнгги йилларда Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги таълим, фан, маданият, халқ дипломатияси, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик алоқалари тобора кенгаяётгани, таълим ва ўқув муассасалари, ижодий жамоалар ва ёшларнинг дўстона алмашинуви мустаҳкамланиб бораётгани ҳақидаги маълумлар етказилди.

Жумладан, 2023 йил октябрь ойида Ўзбекистонда ва 2024 йил январь ойида Хитойда икки мамлакатнинг маданият кунлари доирасидаги барча тадбирлар муваффақиятли ўтказилганлиги қайд этилди.

Шу ўринда, Ўзбекистонда 2024 йил "Ёшлар ва бизнесни қўллаб–қувватлаш йили" деб эълон қилинганлиги баён этилиб, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати хусусан, ёшларни турли мутахассисликларга ўқитиш ва уларнинг тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритилди.

Байрам тадбирларида иштирок этган Хитой Халқаро ёшлар алмашинуви маркази, халқаро алоқалар департаменти директори Лю Синь хоним томонлар олий таълим муассасалари ўртасида алмашинув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратаётганини таъкидлаб, жорий йил 22 январь куни Пекин шаҳрида 100 дан ортиқ университетлар иштирокида ўтказилган "Ўзбекистон – Хитой" таълим форуми якунларини юқори баҳолади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!