"Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти у ҳақида кўпроқ билишига лойиқ..."

"Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти у ҳақида кўпроқ билишига лойиқ..."

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Камол Мухторов Франция академияси доимий котиби Амин Маалуф билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Амин Маалуф — асли келиб чиқиши ливанлик бўлган машҳур француз ёзувчиси ҳисобланади. Унинг асарлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида юқори машҳурликка эришган ва 27 тилга таржима қилинган. Адиб замонавий француз насрининг ёрқин намояндаси ҳамдир. Адибга шуҳрат келтирган асарлар қаторида 1988 йилда нашр этилган "Самарқанд" романи ҳам бор. Ушбу тарихий фантастик жанридаги асар қатор халқаро мукофотлар билан тақдирланган. Шунингдек, мазкур роман Ўзбекистон ҳамда унинг бой тарихий-маданий меросини европалик китобхонларга етказишда муҳим ўрин тутган.

Франция академияси 1635 йилда Франция институти таркибида ташкил этилган илмий муассаса ҳисобланади. Унинг мақсади француз тили ва адабиётини ўрганиш, француз тилининг лингвистик ва адабий меъёрларини тартибга солишдан иборат. Доимий котиб Франция академиясининг умрбод бериладиган олий мартабасидир.

Учрашувда Амин Маалуфга мамлакатимизда илм-фан, таълим ва маданиятнинг замонавий тараққиёти, хусусан, ЮНЕСКО билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида маълумот берилди. 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг мазкур ташкилот билан ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётганидан ёрқин далолат экани таъкидланди. Тадбирга Амин Маалуф шахсан иштирок этиш ва маъруза қилиш учун таклиф қилинди.

Ўз навбатида, француз адиби Ўзбекистон томонини ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига Самарқанд мезбонлик қилиши билан самимий табриклади.

– ЮНЕСКО бош тадбирининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистон учун катта ютуқдир. Ишончим комилки, инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшган, цивилизациялар чорраҳасида жойлашган боқий Самарқанд шаҳрида ушбу тадбирнинг ташкил этилиши Ўзбекистон учун ҳам, ЮНЕСКО ва барча аъзо давлатлар учун ҳам муҳим тарихий воқеага айланиши шубҳасиз, – деди у. – Самарқанд шаҳри менинг ҳаётимда алоҳида ўрин тутади. "Самарқанд" романини ёзиш чоғида бу кўҳна кентга биринчи ташрифим хотирам ва ижодимда ўчмас из қолдирди. Ўзбекистон бой тарих ва маданий меросга эга мамлакат сифатида дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳларни ўзига доимо мафтун этиб келади. Тарихий обидалари ва ўзига хослиги жиҳатидан Бухорони Испаниянинг Гранадаси билан, Самарқандни Кордова билан солиштириш мумкин. Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон ҳақида кўпроқ билишга лойиқ ва мамлакатингиз ҳақида гапириш менга катта мамнуният бағишлайди.

Франция академияси раҳбари 2025 йилда Самарқандга ЮНЕСКО Бош конференциясида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдириб, бўлажак тадбирда Франция илмий ва маданий доира вакиллари билан биргаликда иштирок этишдан мамнун бўлишини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!