Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга иккита квадроцикл топширилди

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга иккита квадроцикл топширилди

24 апрел куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаментига иккита квадроцикл топширилди.

Мазкур техника воситалари Экология вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Оролбўйи ландшафтида ер деградациясига барқарор ва нейтрал ёндашув асоси сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлари ва қирғоқ йўлакларини сақлаш ва барқарор бошқариш, барқарор турмуш шароитини қўллаб-қувватлаш” қўшма лойиҳаси доирасида Глобал экологик фонд (ГЕФ) томонидан харид қилинган.

Лойиҳа доирасида 2023–2026-йилларда умумий майдони 3 миллион гектардан ортиқ бешта қўриқланадиган табиий ҳудудлар: “Жанубий Устюрт”, “Оролбўйи”, “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғлари, “Судоче-Акпекти” қўриқхоналар фаолиятини ривожлантириш бўйича босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЕТҲ) атрофидаги самарали ландшафтларни, ер ва сув ресурсларини комплекс бошқариш, асосий биологик хилма-хилликни таъминлаш билан биргаликда тупроқ деградациясининг олдини олиш орқали Қуйи Амударё ва Орол денгизи ҳавзаларида экотизимлар барқарорлиги ва турмуш шароитини яхшилашдан иборат.

Лойиҳанинг ушбу босқичи биохилма-хилликка таҳдид солувчи бевосита омилларни бартараф этишга, муҳофаза этиладиган ҳудудлар тизимини кенгайтириш ва мавжуд муҳофаза ҳудудларини бошқариш самарадорлигини оширишда манзилли ёрдам кўрсатиш орқали глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик, яшаш жойлари ва турларини муҳофаза қилишга қаратилган.

Маълумот учун, аввалроқ МЕТҲ лойиҳаси доирасида Оролбўйининг муҳофаза этиладиган ҳудудларини бошқариш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун мўлжалланган иккита йўлтанламас автомобили, дурбин, камералар, ГПС-навигаторлар ва дала ускуналари топширилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!