Кўҳна Шош тамғаларида ток баргининг тасвирлари туширилган

Кўҳна Шош тамғаларида ток баргининг тасвирлари туширилган

Узум бутаси яъни ток ер юзидаги энг қадимги гулли ўсимлик бўлиб, унинг маданий тури 7-8 минг йил аввал пайдо бўлган. Тарихда келтирилишича, Кўҳна Шош шаҳрининг тамғаларида ҳам ток баргининг тасвирлари туширилган экан.

Ҳозирда ток юртимизнинг деярли ҳамма вилоят ва туманларида ўстирилади. Айниқса, Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Қўштепа туманларида узум етиштирмайдиган оила топилмайди.

Боғдорчилик азалдан даромадли соҳа. Тўғри, бу вақт, машаққат талаб этади, аммо боғ ҳосилга кириши билан сарфлаган вақтингиз ҳам, машаққатингиз ҳам эсдан чиқади.

“Қарийб 15 йилдан буён 20 сотихда 40 навдаги узум парваришлайман. Ҳар йили 6-8 тонна ҳосил оламан. Тажрибамдан билдимки, серҳосил, дони йирик ва эртапишар навлар кўпроқ фойда келтирар экан.

Даромадга келсак, узум кузни охирларида 15-20 минг сўм бўлади. Агар баҳоргача сақласак, уни баҳоси янада ошади. Мисол учун, 2016 йилнинг баҳорида яхши сақланган бир килограмм узум 400 минг сўмдан сотилганди. Ўтган йили ҳам яхши бўлди. Даромаддан битта сигир, бир нечта қўй сотиб олдим. Ортганини қурилишга сарфладим, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдирдим.”

Бу – Фарғона вилояти Олтиариқ туманида фаолият юритаётган деҳқон хўжалиги раҳбари Абдулвоҳид Мирзажоновнинг сўзлари эди.
 

Бир килоси учун 4,3 доллар


Яқинда Украинанинг “EastFruit“ нашри Украина бозорида Ўзбекистон узумларининг ўрни ва баҳоси ҳақида сўз юритиб, бу узумларнинг ўртача нархи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан анча юқори эканлигини маълум қилганди. Унда Ўзбекистонда етиштирилган бир килограмм узум 4,3 доллар, Украинада етиштирилгани эса 1,2-1,6 доллар экани, итальянлар 2,5-2,9 , туркияликлар эса 1,4 доллар сўраётгани айтиб ўтилган.

– Ўзбекистон узумлари Россияда ҳар доим оммабоп бўлиб, Туркия узумлари билан жуда яхши рақобат қилади, – дейди Россия узумчилик ва вино саноати уюшмаси президенти Леонид Попович.– Нархига келсак, бизда Ўзбекистон узумлари жуда яхши сотилмоқда. Экспортёрлар учун яратилган шарт-шароитлар уларга фойда билан савдо қилиш имконини ҳам беради.

– Бу қадар ширин ва чиройли узумларни энди кўришим, – дейди голландиялик тадбиркор Невилле Мчина. – Узум ширасини текширадиган қўл ускунасида шира миқдорини текшириб, кўзларимга ишонмадим. Қанд моддаси жуда юқори. Сифати ва кўриниши ҳам ажойиб. Мазасига гап йўқ. Олимлар ва ер эгалари билан суҳбатлашдим. Сизлардан ўрганса арзийдиган жиҳатлар кўп экан.
 

100 минг долларлик шартнома


Ҳар гал пахта терими бошланганда унинг атрофидаги машмашалардан юрагим эзилади. Тўғри, шу кунга қадар “оқ олтин” миллий ғуруримиз деб ўзимизни алдадик. Ўйлаб қоламан, ахир, боғдорчилик, узумчилик ҳам халқимиз учун бегона эмас-ку. Фойдаси ҳам кўпроқ. Меҳнати эса камроқ.

– Бир гектар пахтага нисбатни шунча майдондаги токзордан ўртача олти -етти баробар кўпроқ даромад олинади, – дейди Паркент туманидаги “Гулбоғ Бурхон” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Баҳромали Юсупалиев. – Қиёслаб кўрамиз. Бир гектар ғўзадан ўртача 3-4 тонна пахта олиш мумкин. Эшитишимча, бу йил унинг бир тоннаси учун 3 миллион 200 минг сўмдан ортиқроқ тўланар экан дейишмоқда. Бу ҳали ошган нархда. Ана шу 10-12 миллион даромадни олиш учун камида 7-8 миллион сарфланади.

Энди узумни ҳисоблаймиз. Ҳар гектардан ўртача 15 тонна ҳосил олинади. Эртапишарлари 10 минг сўмдан, ҳозирда 3-4 минг сўмдан сотилмоқда. Тўғри бу йил узум арзон бўлди. Лекин, шунда ҳам зарар кўрмаймиз. Қишгача турганда, баҳоси ошади. Келинг, ўртача тўрт мингдан ҳисоблайлик. 60 миллион. Ана шу даромад учун атиги 5-6 миллион сарфланади.

Агарда узумни майиз қилиб сотсак унинг қиймати янада ошади. Қора кишмишнинг 4 килосидан 1 кило майиз оламиз ва у ўртача 25 минг сўмдан сотилади. Агар экспорт қилсак-чи? Ҳозир Хитой билан тузилган 100 минг долларлик шартномага кўра, суғдиёна ва қора кишмишдан майиз тайёрлаш якунланиб қолди. Бир ҳафтада юкни жўнатамиз.
 

Қайси йўлдан борамиз?


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида сифатли мева ва узум кўчатлари етиштириш ҳажмини йилига 7 миллион донага етказиш белгиланган.

Ҳозирда юртимизда икки юздан ортиқ узум нави маҳаллийлаштирилиб, қирқдан ортиғи давлат реестрига киритилган. “Қора шаҳзода”, “Ҳусайни”, “Маликанинг киприклари” “Андижон қора”, “Кетмон сопи”, “Ризамат”, “Нимранг кишмиш”, “Келин бармоқ”, “Оқ ҳусайни” каби ўнлаб турдаги узум навлари нафақат ички балки хориж бозорларида ҳам харидоргир бўлиб улгурди.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, жорий йилда қарийб 5 минг 900 гектарда узумзор яратилган. Бунинг учун белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилиб, саноатбоп ва хўраки узум навлари экилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундан бўлса керак, барча ҳудудларда узумчилик жадал ривожланмоқда.
 

Соякидан тортиб, кетмон сопигача


Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида боғбонларнинг юмушларини енгиллаштириш ва уларга амалий ёрдам беришга қаратилган илмий изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, нав синовидан муваффақиятли ўтган “Ҳусайни мускат” нави нафақат ҳосилдорлиги, балки хушбўйлиги билан ҳам эътиборни тортади. “Кишмиш ботир”, “Кишмиши Зарафшон” меваси бошқа узумларга қараганда икки-икки ярим баробар йирик бўлиб, қуритилганда ҳам сифати ва мазасини йўқотмайди.

– Узум ҳосилдорлигини ошириш, сифатини яхшилашда асосий шартлардан бири, илмий асосланган турларни тупроқ- иқлим шароитларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларга узум тури ва навларини жойлаштиришдир,-дейди М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти директор ўринбосари Жамолиддин Файзиев.- Мисол учун, узумнинг ризамат нави ҳамма вилоятларга мос келса, сояки нави фақат Тошкент, Ўзбекистон мускати эса Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, хиндогни Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида юқори ҳосил беради. Шунинг учун бозордан ўзингизга маъқул кўчатни эмас, балки давлат реестрига киритилган яшаётган ҳудудингизга мос навларни харид қилиш тавсия этилади. Хуллас, Паркентда етиштирилган қора кишмиш мазаси Олтиариқдагидан фарқ қилади. Бу ҳудуддаги кетмон сопи Паркентда яхши натижа бермаслиги кузатилган.

Узумни уч йилча яхши суғориб турсангиз, кейин сувга унчалик эҳтиёж бўлмайди. Намгарчилик қанча кам бўлса, шунча яхши. Шу боис лалми ерларда турли навлар, хусусан, кишмиш экилса яхши самара беради.

Сўнгра юқори, сифатли ва экологик тоза маҳсулот етиштириш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш учун фунгицидлардан ўз вақтида, белгиланган меъёр ва муддатларда фойдаланиш, уларни қўллашда хавфсизлик чораларига амал қилиш атрофдагилар, жумладан, фарзандларимиз саломатлигини сақлашда муҳим.
 

Оила дастурхонида узум бўлса, қанд, шакар дейишга ҳожат йўқ


Қадимги ривоятларда келтирилишича, узум шундай дермиш: “Мевам ўта ширали, тўйимли, шифобахш ва дастурхон кўркиман. Майизим, шарбатим, уруғимдан олинган ёғ минг бир дардга даводир. Мендан турли-туман ичимликлар тайёрлашади, янги пишган баргим чой ўрнида хизмат қилади. Кимки мендан тўйиб еса, баданида тоза қон пайдо қиламан, дармонсизга дармон бағишлайман, кайфиятни кўтариб, хушнуд қиламан”.

Абу Райҳон Берунийнинг таъкидлашича, узум поясини кесганда оқиб тушадиган суви кўп шифобахш хусусиятларга эгадир. Унинг поясидан эфир мойи ҳам олинган.

Машҳур табиб Абу Али ибн Сино эса узумнинг хусусиятлари ҳақида шундай ёзади: “Бир мунча муддат олиб қўйилган узум танани яхши озиқлантириб, қувватлантиради. Яхши пишган узумнинг зарари пишмаганидан камроқдир. Узумнинг ўзи шарбатидан кўра фойдалироқдир. Узум ва данакли мағиз ичак оғриғида яхши фойда қилади. Шунингдек, майизи буйрак ва қовуқ учун ҳам фойдали. Ичкетиш ва йўғон ичак хасталикларида ҳам фойдали. Узум поясининг суви тошларни майдалайди, сўгал, қонталаш, темираткини даволайди”.

Узум таркибида кўп миқдорда қандлар, органик кислоталар, С, В витаминлари, ошловчи ва бўёқ моддалар бор. Баргида эса С, В, К витаминлари, каротин, никотин, фолий кислотаси, флавоноидлар, катехин ва ошловчи моддалар мавжуд.

Халқ табобатида узум шарбати, шунингдек, узумнинг нордон навлари иштаҳани очувчи ва овқат ҳазм қилишни яхшиловчи восита сифатида қўлланилади. Яхши пишган узум, айниқса, қора нави камқо
нликни даволашда ва камқувват беморларга мадор беришда қўлланилади. Қора майиз эса турли зарарли ўсмаларни даволаб, инсон қувватини оширади.

 
Дунё бўйича йилига ўртача 1,5 миллион тонна майиз истеъмол қилинади 


Минтақамиз аҳолиси узумни асосан ҳўл мева ёки майиз ҳолатида истеъмол қилади. Узумдан қиём, шарбат концентрантлари ва бошқа кондитер маҳсулотлари тайёрланади. Шунингдек, узумни қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндилардан кенг фойдаланиб, этил спирти, шароб кислотаси, рангловчи моддалар, мойлар ишлаб чиқилади.

Халқ орасида майиз тайёрлаш кўпроқ оммалашган. Август ойи қуёшли, иссиқ бўлганда узумдан майиз тайёрлаш учун 15-20 кун етади. Сентябрда эса об-ҳавога қараб, бу муддат чўзилиши мумкин.

Майизнинг икки тури бўлиб, сояки (сояда қуритилган) юмшоқ ва офтоби (қуёшда қуритилган) бироз қаттиқ бўлади.

Қайд этиш жоизки, узумнинг сояки нави ҳам бўлиб, у энг қадимий маҳаллий навлардан ҳисобланади. Асосан Тошкент вилоятининг Паркент туманида етиштирилади.

– Одатда тўрт килограмм узумдан бир килограмм майиз чиқади, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Камолитдин Султонов.– Аслида майизнинг кўпроқ чиқиши узум таркибидаги қанд миқдорига ҳам боғлиқ. Мисол учун, кишмишбоп навларда қанд миқдори 25-30 фоиз бўлиб, 4 килограмм узумдан 1 кило майиз тушади. Қанд даражаси 30 фоиздан юқори бўлса, 3 килограммдан бир кило, агарда 20 фоиздан кам бўлса, 5 кило узумдан бир килограмм майиз тайёрланади. Яна бир гап баҳоси ҳам навига қараб бўлади. Мисол учун, сояки қуритилган суғдиёна, гигант майизлари 300 минг сўмгача баҳоланса, офтобилари 20-30 минг атрофида бўлади. Майизнинг яхши томони ― мавсум танламайди. Фақат сақлашни эпласангиз, бўлди.

Дунёда энг кўп майиз тайёрловчи ва истеъмол қилувчи мамлакат -Туркия ва АҚШ ҳисобланади. Учинчи ўринга 2000 йилдан Хитой чиқиб олди. Кейинги йилларда майиз экспортида асосий ўсиш Чили, Ўзбекистон, Туркия ва Эронда кузатилмоқда.

Қайд этиш жоизки, эл орасида “узумини енгу, боғини суриштирманг”, деган ҳазиломуз гап бор. Агарда унинг моҳиятини бироз ўзгартириб, “узумини енгу, боғини ҳам суриштиринг”, деганимизда жавоб шундай бўлиши табиий: Ўзимизнинг боғдан, серқуёш юртимизнинг унумдор тупроғидан.


Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!