Коронавирус: дунёда иккинчи тўлқин аломатлари ва Европанинг режалари

Коронавирус: дунёда иккинчи тўлқин аломатлари ва Европанинг режалари

Ҳиндистон ва Эронда зарарланиш статистикаси яна кўтарилди, мутахассисларнинг фикрига кўра, бу коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқинини англатиши мумкин. Европа Иттифоқи мамлакатлари 1 июлга қадар ички чегараларни очишни муҳокама қилишмоқда. Буюк Британия ва Швеция Европадаги ташриф буюриш энг хавфли давлатлар деб ҳисобланяпти. 

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия бошидан бери дунё бўйлаб 6,6 миллиондан ортиқ одам коронавирусни юқтирган, қарийб 400 минг киши касалликдан вафот этган, дейди "Kun.uz".

BBC касалланиш даражаси бўйича қитъаларда етакчи давлатларни ажратиб кўрсатди. Европада Буюк Британия, Италия, Франция ва Испания энг кўп зарар кўрган мамлакатлардир. Россия беморлар сони бўйича дунёда учинчи ўринда туради, аммо ўлим даражаси бошқа мамлакатлар билан солиштирганда анча паст. Шимолий Америкада ва умуман дунё бўйича Covid-19'дан энг кўп зарар кўрган мамлакат афсуски АҚШ. Жанубий ва Марказий Америкада – Бразилия ва Мексика. Африкада – ЖАР, Миср ва Нигерия. Осиёда – Ҳиндистон ва Эрон.

Европадаги вазият

Европа комиссияси 1 июлга қадар Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатни блок ичида чегараларни очишга чақирди. Иттифоқ мамлакатлари ички ишлар вазирлиги раҳбарлари тегишли режаларни ишлаб чиқишга киришган. 

Шу билан бирга, кўпчилик таъкидлашича, ҳозирча гап фақат ЕИ ичкарисидаги чекловларни олиб ташлаш ҳақида бормоқда. Бошқа давлатлардан келувчилар учун қўйилган тақиқ қачон ва қай кўламда олиб ташланиши масаласи ҳам шу кунларда муҳокама қилинмоқда. 

Шунингдек, Испания 1 июлдан бошлаб фақат Франция ва Португалия билан чегараларни очишни режалаштиряпти, Иттифоқ таркибидаги бошқа мамлакатлар ҳақида ҳали таъкидлаб ўтилмади. 

Бельгия эса аксинча, чекловларни муддатидан олдин олиб ташлашга тайёр. Расмийларга кўра, агар эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошланиши каби бирор-бир фавқулодда ҳолат юз бермаса, мамлакат чегаралари 15 июнда очилади. 

Ирландия ҳукумати локдаундан чиқишнинг иккинчи босқичи режасини тасдиқлашга тайёрланмоқда. Бу бир қатор идоралар ва кичик дўконларнинг очилиши, изоляцияда қолган қариндошлар билан учрашишига рухсат берилиши ва фуқаролар учун ўз уйларидан аввалгидек 5 эмас, 20 километр узоқлашиш мумкин бўлишини англатади. 

Дунёга машҳур Вена филармоник оркестри Вена шаҳридаги энг машҳур концерт залларидан бири Музикферайнда локдаундан кейинги илк жонли концертини беради. Зал сиғими 2 минг кишини ташкил этади, аммо концертга ижтимоий масофаланиш шароитида атиги 100 нафар томошабин ташриф буюриши мумкин. Оркестр Бетховеннинг Бешинчи симфониясини ижро этади.

Франция ҳукуматидаги илмий маслаҳатчиларнинг таъкидлашича, мамлакатда коронавирус эпидемияси назоратга олинган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу ўз вақтида киритилган локдауннинг самарасидир. Бундан ташқари, ёз фасли бошланиши ва нисбатан юқори ҳарорат ёрдам беряпти.

Пайшанба куни мамлакат касалхоналарида Covid-19'дан 44 бемор вафот этди, кунлик янги зарарланиш ҳолатлари мингга яқин. Таққослаш учун, март ойида Францияда ҳар куни ўртача 8 мингта ҳолат қайд этилганди. 

Француз олимларининг таъкидлашича, мамлакатнинг турли минтақаларида инфекциянинг янги ўчоқлари пайдо бўлмоқда, аммо эпидемияга қарши бир неча ойдан бери давом этаётган курашдан сўнг энди шифокорларда вазиятни тезда назорат қилиш учун зарур воситалар (тестлар, контактларни кузатиш тизими) тажриба етарли. Шу ҳафтада мамлакат ичида ҳаракатланишга қўйилган чекловларнинг сўнггиси олиб ташланди. Расмийлар фуқароларни янги ижтимоий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишни давом эттиришга чақиришмоқда, бу, афтидан, узоқ вақт давомида эпидемиянинг иккинчи тўлқинини олдини олишдаги асосий шарт бўлиб қолади.

Жума куни Чехия Австрия ва Германия билан чегараларни очади – режалаштирилганидан 10 кун эрта. Чехия Республикаси ва унинг қўшнилари ўртасидаги алоқа март ойи бошида тўхтатилганди. Жума куни тушдан бошлаб, ушбу икки мамлакат ва Венгрия фуқаролари Чехия Республикаси ҳудудига чегарада манфий таҳлил натижасини тақдим этмасдан киришлари мумкин. Сешанба кунидан бошлаб Словакия билан чегара очилади. 15 июндан бошлаб Чехия ҳукумати қулай эпидемиологик вазиятга эга бўлган бир қатор мамлакатлар – Швейцария, Финляндия, Латвия, Литва ва Эстония фуқароларига ўз эшикларини очади. 

Ўтган душанба куни Чехия фуқароларининг Бельгия, Франция, Италия, Нидерландия ва Испания каби нисбатан кўп зарар кўрган давлатларга саёҳат қилишлари мумкинлиги эълон қилинди. Бироқ, ушбу мамлакатлар фуқаролари вирусга чалинмаганлик тўғрисидаги тиббий маълумотнома тақдим этиши керак. Чехия расмийлари фикрига кўра, Буюк Британия ва Швеция ташриф буюриш учун энг хавфли давлатлар ҳисобланади. Ушбу мамлакатларга саёҳат қилиш учун қатъий қоидалар жорий этилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Чехияда эпидемия бошлангандан бери деярли 9,5 минг киши касалланиб, 326 киши вафот этган. 

Британияда 15 июндан бошлаб жамоат транспортида тиббий ниқоб кийиш мажбурий қилинади. Ушбу санада бир қатор кийим-кечак дўконлари очилиши режалаштирилган, шу туфайли метро ва автобусларда йўловчилар сони кўпайиши кутилмоқда. Ушбу қоида поездлар, самолётлар, паромлар ва кема йўловчиларига ҳам тааллуқлидир.

Британия зарарланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари статистикаси бўйича Европада энг ёмон натижа қайд этаётган давлат ҳисобланади. Жума кунги маълумотларга кўра, мамлакатда 283 мингта касалланиш ҳолати ва деярли 40 минг ўлим қайд этилган.

Шу билан бирга, кунлик янги зарарланиш ҳолатлари сони камаймоқда. Ҳозирги кунда ҳар куни тахминан 5,6 минг кишига Covid-19 ташхиси қўйиляпти. Икки ҳафта олдин бу рақам 8 мингдан ошарди. 

Буюк Британияда энг кўп ташриф буюрилувчи Честер ҳайвонот боғи коронавирус эпидемияси даврида катта йўқотишлар туфайли бутунлай ёпилиши мумкин. Ҳайвонот боғи ходими Жеймс Эдвардснинг сўзларига кўра, фил ва Африкадан келтирилган йирик жониворлар парвариши жуда қиммат туради. Бундан ташқари, катта ҳудудни назорат қилишга кўп маблағ сарфланади. Ҳолатни фақатгина тез кун ичида ташриф буюрувчилар учун рухсат берилиши ўнглаши мумкин, аммо бу ҳақда ҳозирча ҳеч қандай гап йўқ. 

АҚШ иқтисодиёти сюрпризлари
Зарарланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича глобал статистиканинг учдан бир қисми АҚШ ҳисобига тўғри келади – мос равишда 1,8 миллион бемор ва 108,2 минг ўлим. Пандемия бошланганидан буён мамлакатда ишсизлик рекорд даражада ўсди: ўн миллионлаб америкалик нафақа олиш учун мурожаат қилди.

Бироқ, жума куни дунёдаги энг катта иқтисодиёт кутилмаган ёқимли сюрпризни тақдим этди: барча тахминларга қарши, АҚШда ишсизлик кўпаймаган, аксинча пасайган. Бундан ташқари, иш ўринлари сони кўпайган. Буларнинг барчаси инқироз шу пайтгача ўйлагандек узоқ ва чуқур бўлмайди деган умидни бермоқда.

АҚШ ишсизлик даражаси қарийб 100 йиллик мисли кўрилмаган даражадаги 14,7 фоизга етган ва иқтисодиёт 20 миллиондан ортиқ иш жойидан маҳрум бўлган апрель ойидаги даҳшатли маълумотлардан сўнг, иқтисодчилар май ойида бу рақамларнинг янада ёмонлашишини башорат қилишганди – мос равишда 19 фоиз ва 7,5 млнга. 

Бироқ, меҳнат бозори 2,5 миллион иш ўрни қўшилиб охир-оқибат тикланди, ишсизлик 13,3 фоизга тушди. 

Янгиликлар ижобий, аммо қувонишга ҳали эрта. Дарҳақиқат, февраль ойида ишсизлик рекорд даражадаги қуйи 3,5 фоиз эди ва ўша вақтгача Америка иқтисодиёти кетма-кет 100 ой давомида янги иш ўринлари яратиб келаётганди. 

Карантин сўнгги ўн йилликдаги ютуқларни бекор қилди. Эпидемия тугаши билан зарарларнинг бир қисми қайтарилади. 

Фақатгина фаол иш излаётган, аммо топа олмаётган одам ишсиз ҳисобланади. Яъни ҳозир улар орасига ҳамма – иш ўрни сақланиб қолиниши эвазига ҳақ тўланмайдиган мажбурий таътилга чиқарилганлар ҳам, шунингдек, ишсизлик нафақаларидан (ойига ўртача 4 минг доллар) қониқиш сабабли меҳнат бозорига қайтишга шошилмаётганлар ёки ҳозир иш топишга кўзи етмаётганлар (масалан, официант ёки фотограф) ҳам киради. 

Бироқ, иш ўринларининг бир қисми абадий йўқолди.

Чунки барча компаниялар ҳам инқироздан омон қолмайди, тикланиш эса вақт талаб этади. Карантин иқтисодиётни шу қадар чуқурликка тортдики, у ердан аввалги мавқега қайта тикланиш жуда қийин бўлади.

Бу бир кечада йўқолган иш жойларини тиклаш учун йиллар кераклигини англатади. 2009 йилдаги сўнгги инқироздан сўнг, ишсизлик инқироздан олдинги даражага фақат 9 йилдан кейин эришди.

Коронавирус инқирози эса ҳозирча бизнес ва жамоатчилик учун янада чуқурроқ ва ҳалокатли бўлишини «ваъда қилмоқда». 

Дунёдаги вазият

Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штати шанба куни Сиднейда режалаштирилган «Қора танлилар ҳаёти қимматга эга» шиори остидаги норозилик намойишларини тақиқлаш ниятида. Штат аҳолиси АҚШда афроамерикалик Жорж Флойднинг полиция ходими томонидан ўлдирилиши ортидан кўчага чиққан намойишчиларни қўллаб-қувватлашни режалаштирганди. 

Аммо расмийлар оммавий тадбир коронавируснинг тарқалишини бошлаб бериши мумкинлигидан ҳавотирда. Штат полицияси Олий суддан намойишни қонунга зид деб эълон қилишни сўради. Янги Жанубий Уэльс бош вазири Глэдис Береджикляннинг сўзларига кўра, бундай қарор намойиш қатнашчиларининг ҳақиқий сони акцияни тасдиқлаш пайтида айтилганидан анча кўп бўлиши маълум бўлгандан кейин қабул қилинган.

Ҳозирги вақтда штатда 500дан ортиқ иштирокчи қатнашадиган намойиш ноқонуний ҳисобланади.

Эронда коронавируснинг тарқалиши рекорд суръатларда давом этмоқда. 4 июнь куни Эронда 3574 нафар одам коронавирус инфекциясини юқтириб олган ва бу 19 февралда мамлакатда эпидемия бошланганидан бери кузатилган рекорд кўрсаткич. 5 июнь куни ҳам мамлакатда 3 мингга яқин ҳолат қайд этилди. Шу вақтгача Эронда 167 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати қайд этилган ва 8,1 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

2 июнда Эронда икки ойда қайд этилмаган натижа кузатилган ва шу куни бир сутка ичида коронавирус билан касалланишлар сони 3000 тадан ошиб кетганди. Аввалги антирекорд 30 мартда ўрнатилганди (бир суткада 3186та янги ҳолат). Май ойида Эронда кунлик касалланишлар сони 802тагача тушганди.

Ҳиндистонда 4 июнь куни 9889та, 5 июнь куни эса 9378та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди. Мамлакатда жами ҳолатлар сони 236 мингдан ошди ва Ҳиндистон жаҳон рейтингида Италияни (234 мингдан ортиқ ҳолат) ортда қолдирди. Сўнгги бир кунда 286 нафар (бир кун олдин 275 ўлим) ҳиндистонлик коронавирус қурбонига айланиб, жами ўлимлар сони 6649тага етди - жаҳон бўйича энг ёмон 10-кўрсаткич.

The Guardian нашри Ҳиндистон тиббий тадқиқотлар кенгаши доктори Ниведиту Гуптага асосланиб хабар беришича, мамлакат ҳали коронавирусдан зарарланишнинг авж нуқтасидан ўтмади.

Ҳиндистон 8 июндан карантиндан босқичма-босқич чиқишни режалаштирмоқда. Бу эса мамлакатда иккинчи тўлқин бошланиши хавфини пайдо қилади. Шу билан бирга, эпидемиологик вазият оғир бўлган ҳудудларда қатъий чекловлар 30 июнга қадар сақланиб қолади.

Хитойда сўнгги суткада коронавирус билан касалланиш бўйича 5 та ва касаллик белгисиз ўтаётган 3 та ҳолат қайд этилди. Беморларнинг 8 нафари соғайди, вафот этиш ҳолатлари қайд этилмади. Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси четдан юқтирилган. Мамлакатда умумий ҳисобда 83 027 киши коронавирусга чалинган. Беморларнинг 78 327 нафари соғайган, 4 634 нафари вафот этган. Касалхоналарда 66 нафар бемор қолмоқда.

Коронавируснинг илк ўчоғи бўлган Уҳанда эса айни вақтда коронавирусга чалинган битта ҳам бемор қолмади.

Жанубий Кореяда сўнгги бир кунда 39 киши коронавирусга чалингани қайд этилиб, жами ҳолатлар сони 11 668тага етди. Мамлакатда май ойидан буён касалликнинг янги ўчоқлари беморлар сони ошишига сабаб бўлмоқда. 28 майда кунлик касалланишлар сони 79тага етганди, сўнгги ҳафтада эса бу кўрсаткич 30-50 киши атрофида бўлиб турибди. Сўнгги бир кунда 7 киши коронавирусдан соғайиб чиқиб, тузалганларнинг умумий сони 10 506 нафарга етди. Касалликдан вафот этганлар сони ўзгармаган - 273 ўлим.

Оксфорд университети олимлари локдаундан кейин коронавирус тарқалишининг олдини олишнинг энг яхши усули мулоқотни фақат бир нечта доимий алоқалар билан чеклаш деган хулосага келишди. Буларга қариндошлар, энг яқин дўстлар ва икки-уч қўшни кириши мумкин. 

Ишга борувчилар мулоқотни маълум бир ҳамкасблар доирасида чеклаши керак. Тўғри, амалда бу қандай содир бўлиши ҳали аниқ эмас. Умуман олганда, Оксфорд тадқиқотчиларининг мурожаати шундан иборатки, ўз атрофида «ижтимоий пуфак» яратиш ижтимоий масофадан кўра самаралироқ.

Нуфузли тиббий журнал Lancet май ойи охирида ўзининг гидроксихлорохин ва хлорохин дориларининг Covid-19'га қарши нафақат самарасизлиги, балки бемор ҳаёти учун хавфлилиги борасидаги аввалги мақоласини рад этди. Мақола муаллифлари ўн минглаб одамларнинг маълумотлари таҳлилига мурожаат қилишган ва унда дориларни қўллаш юрак-қон томир тизимида асоратлар келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. Ушбу тадқиқот эълон қилинганидан сўнг, ЖССТ дори-дармонларни клиник синовларини тўхтатганди. 

Бироқ, Lancet журнали томонидан олинган маълумотлар нотўғри бўлиши мумкинлиги маълум бўлди, чунки уларни кўпчиликка яхши таниш бўлмаган Surgisphere компанияси тақдим этган. Британиянинг Guardian газетаси ўз суриштируви давомида Surgisphere'да атиги бир неча ўнлаб ходимлар ишлашини ва улар орасида илмий фантастика ёзувчиси ва катталар фильми актрисаси ҳам борлигини аниқлади. Шундан сўнг ўтказилган тадқиқотларнинг сифати журналистларда шубҳа уйғотди. ЖССТ гидроксихлорохин ва хлорохинни синовдан ўтказишни давом эттиришни режалаштирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!