Калталашиб кетаётган модалар: елкасини йиртганига бало борми?

Калталашиб кетаётган модалар: елкасини йиртганига бало борми?

Либос инсоннинг кўрки. Инсоннинг характери, дунёқараши қисман унинг либосига қараб ҳам белгиланади. Қолаверса, инсоннинг ташқи кўринишининг чиройли ёки хунук бўлиши унинг либосига ҳам боғлиқ. Бу шуни англатадики, биз ўзимиз кияётган ва киймоқчи бўлган либосларимизга катта эътибор қаратишимиз керак. Бироқ сўнгги пайтларда пайдо бўлган ва бўлаётган алламбало модалар кишининг дилини ғаш қилмай қўймайди. Бу кўпроқ замонавийлашиб бораётган либосларга тааллуқлидир.
ЕЛКАСИНИ ЙИРТГАНИГА БАЛО БОРМИ?
Қизим билан бозорга кийим олгани бордик, дея ўз фикрини билдирди коллежда дарс берадиган Жамила опа. Қизим кийим дўконларидан бирида турган кўйлакни кўрсатиб, Шуни олиб берасиз! деб туриб олди. Қизим кўрсатган кўйлакка ажабланиб тикилиб қолдим. Калталиги етмагандек, елкаси ҳам қирқиб олинганмией, хуллас, елкаси очиқ-да. Шу кўйлакни киясанми, елкаси очиқ-ку бунинг?! дедим қизимга. У бўлса парво ҳам қилмай Шунинг учун ҳам шу кўйлакни олмоқчиман-да, ахир бу ҳозир мода бўлган-ку! деди. Мен эса қизимга қаршилик қилиб, ўша кўйлакни олиб бермадим. Тавба, бу қандай аҳмоқгарчилик бўлди энди? Кўйлакнинг елкасини очиб қўйишдан нима наф? Тағин бунинг ёшлар орасида мода бўлганини-чи?
Дарҳақиқат, суҳбатдошимизнинг фикрини эшитгач, биз ҳам секин ёт-атрофимизга диққат билан қарадик. Чиндан ҳам кўплаб қизларимиз ана ўшанақа елкаси йўқ кўйлаклардан кийиб юришибди. Ростини айтсак, жуда ғалати кўринар экан. Ахир либос иффат, ҳаё, ибо тимсоли, у бежизга яратилмаган. Энди тасаввур қилинг, ҳам калта, ҳам елкаси очиқ бундай либосларни яратишдан нима наф? Уларни модага айлантиришдан нима наф? Ёшларни қизиқтиришнинг, тирикчилик қилишнинг бошқа йўли йўқми? Худди шу савол билан ана шундай кўйлаклар савдоси билан шуғулланувчи аёлга юзландик.
Бу кўйлаклар жуда тез харидорини топди, дея жавоб берди сотувчи аёл. Айниқса, жазирама кунларда қулай. Четдан янги фасонли кўйлак деб олиб келгандик, сотилиб кетди. Шундан кейин бундай кўйлакларни кўпайтира бошладик. Ҳозир ҳам сотуви чакки эмас.
Бу аёлга Нега либосларнинг елкаси бунақа аҳволда? Шундай кўйлакларни ўз қизингизга кийдирган бўлармидингиз? дея савол берганимизда жавоб беришни истамади, аниқроғи, кулиб қўя қолди. Бизни қизиқтирган жиҳат эса Ҳа, кийдирган бўлардим , дея олмади. Демак, ўзи ҳам бунга қарши, демак... Нега ўзимизга раво кўрмаган нарсани бошқаларга раво кўришимиз керак экан?
БУ ҲАМ БИР ОММАВИЙ МАДАНИЯТ
Зулфизар ИСОҚОВА, журналист:
Бу ҳам бир оммавий маданиятнинг кўриниши. Ғарбликларда бундай калта ва кўп жойлари очиқ бўлган кўйлаклар деярли урфга айланиб бўлди. Уларда бундай либосларни кийиш кундалик ҳолат сифатида қабул қилинади. Лекин биз ғарб эмасмиз-ку! Бизнинг азалий қарашларимиз, қадриятларимиз бор.

Ҳа, бу фикрларда жон бор. Айни дамда мафкуравий кураш кетаётган бир пайтда ғарб маданияти турли йўллар билан дунё маданиятини эгаллаб олишга интилмоқда. Оммавий маданият ҳар томонга тўр ташлаяпти, дунёни ахлоқсизлик, тубанлик, жаҳолат ботқоғига ботириш учун ҳар нималарни ўйлаб топяпти, энг ёмони, бундай ёвуз кучларнинг асосий нишони ёшлар бўлиб қолмоқда.
Охирги пайтларда либосли вирус дея аталаётган иллат айни пайтда ёшларимизни ўзига қарам қилиб олаётгани бор гап. Кўча-кўйда алламбало кўринишлардаги либосларни кийиб олган ёшларимизни истаганча учратамиз. Ҳатто шундай либосларга кўзимиз тушадики, юқоридаги каби елкаси йўқ либослар уларнинг олдида ёпиқ кийимларга айланади.
УРФ БЎЛГАН ДЕГАН ЖУМЛАДАН ВОЗ КЕЧИШ КЕРАК
Энг ёмони шундаки, ёшларимиз кўп нарсага кўр-кўрона эргашишяпти. Айтайлик, бугун бир инсон алламбало кийиб кийиб чиқди. Эртага буни кўриб, ўзига ўхшайдиган бошқа бир инсон шундай кийинади. Эртага яна бошқаси. Қарабсизки, кейинчалик бу урфга айланиб қолади. Ачинарлиси, ҳеч кимни Бунинг замирида нима бор? Бу менга тўғри келадими? Одоб-ахлоқ меъзонига тўғри келадими? деган саволлар қизиқтирмайди. Ҳамманинг миясида бир гап: Ҳозир шу урф бўлган, мода бўлган . Бундай бемаъни урфларнинг уйига ўт тушсин, дейдиган одам йўқ. Бундай кўр-кўрона қарашлар ақл кўзини кўр қилиб, инсонни жаҳолат ботқоғига ботириши тайин. Шундай экан, ёшларимизнинг онгидан урф, мода каби бугунги кунда юзаки маъно англатадиган тушунчаларни чиқариб ташлаш керак. Боиси, бундай бўлмағур модалар Европадан, ғарбдан кириб келяпти, уларнинг ҳеч бирида бизнинг қадриятларимизни тараннум этиш жиҳати йўқ. Шундай экан, ёшларимизни бу борада тўлиқ назорат қилишимиз керак.
ВОҚЕИЙ ҲАНГОМА
Моҳигул АЗИМОВА, ўқитувчи:
Бир куни эшигимиз тақиллади. Қарасам, қўшнининг қизим билан ўқийдиган қизи Зилола. Қизингиз уйдами? деб сўради. Мен қизим аллақачон мактабга кетганини айтди. У ухлаб қолганини, шунинг учун дарсга кечикканини айтди-да, сочини шундайлигича орқага ташлаб, нари-бери тартиблаган бўлди-да, ўқишга жўнади. У ёқ-бу ёғингни тўғрилаб ол, синфдошларинг устингдан кулади , дея бақирганча қолдим. Эртаси куни уни яна учратиб қолдим. Мени кўриб, кулиб юборди. Сабабини сўрагандим, бугун бўлган воқеани айтиб берди. Унинг айтишича, беш-олтита синфдоши сочини худди уникига ўхшатиб келганмиш, яъни шундоққина орқасига ташлаган-у, нари-бери тараган. Нега бундай қилиб олдинглар? деб сўраса, Кеча ўзинг шунақа турмаклаб келдинг-ку! деб жавоб беришганмиш. Мана, мода қаердан келиб чиқади? деди у кулганча.

Бу воқеий ҳангома замирида ҳам аччиқ ҳақиқат ётади. Шунчалик аччиқ ҳақиқатки, ёшларимиз бу ҳақиқатни тўлиқ англаб етишгани йўқ.
ОММА ЭЪТИБОРИДАГИ ФАРИШТАЛАР
Айни дамда интернет тармоғида хориж киноюлдузларининг алламбало кийимлардаги суратларини истаганча учратиш мумкин. Энг ёмони, айрим ёшларимиз ўша актрисаларга кўр-кўрона тақлид қилишяпти. Ваҳоланки, у актрисанинг дунёқараши қандай эканлиги, унинг ҳаёти қандай кечгани, ҳаёт, ор-номус ҳақидаги тушунчалари қандай эканлиги билан заррача қизиқишмайди. Эҳтимол, ўша актрисалар учун оила, ор-номус, уят, иффат каби тушунчаларга юзаки қарашар. Нега энди у машҳур актриса бўлгани учун унинг ташқи кўринишини ўзлаштиришимиз керак? Агар унинг ички дунёси ўта хароб бўлса-чи? У ана шундай саёз дунёқарашидан келиб чиқиб шундай либосларни танлаган бўлса-чи? Ахир бизнинг дунёқарашимиз, бизнинг тушунчаларимиз ундай эмас-ку! Ваҳоланки, либос инсоннинг дунёқараши, тушунчаси қандай эканлигини англатади-ку! Энди ўзингиз ўйланг, қиз боланинг ўйламай босган биргина қадами, масалан, очиқ-сочиқ либосни танлагани у ҳақдаги тасаввурларнинг кескин ўзгаришига сабаб бўлмайдими? Қайси инсон кўчада очиқ-сочиқ кийиниб юрган қизлар ҳақида ижобий хаёлга боради? Қайси инсон бундай қизлар ҳақида ижобий фикр билдиради? Аслида, бундай уятсиз либослар, бундай кийиниш ҳақида қандай қилиб яхши фикр билдириш мумкин? Биргина нотўғри қадам туфайли, аслида, ҳаёли, ор-номусли қиз ҳақидаги таассуротларимизнинг салбий томонга ўзгариб кетиши ачинарли ҳолат эмасми?
НИСБИЙ ТУШУНЧАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРМАНГ!
Юқоридаги фикрлардан шундай хулоса чиқаришингизни сўрардик, яъни мода, урф каби тушунчалар бугунги кунда анча саёзлашиб, нисбийлашиб қолди. Нима бўлган тақдирда ҳам бундай тушунчалар сизнинг иффатингиз, ақл-идрокингиздан кейинги ўринда турсин. Сиз моданинг қулига айланманг, аксинча, модани бошқаринг, сиз модани яратинг, ана шунда мода сиздан алламбало образ ясай олмайди. Энг муҳими, унутманг, мода борасида ўз меъзонингизга ўлчовингизга эга бўлинг, сиз учун қайси либос мода эканлигини бошқалар эмас, ўзингиз белгиланг, ана шунда замонавийликнинг чиркин иллатлари домига тушиб қолмайсиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!