Эрондан қўрққан Нетаньяху АҚШдаги ўғлини қаттиқроқ қўриқлашларини талаб қилди

Эрондан қўрққан Нетаньяху АҚШдаги ўғлини қаттиқроқ қўриқлашларини талаб қилди

Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяху Эрон ўч олишидан қўрқиб, АҚШда ўғлининг хавфсизлигини оширишни талаб қилмоқда. Аввалроқ Исроилда Нетаньяхунинг ўғли ҳаддан ташқари ҳимояланганлиги норозиликка сабаб бўлган эди.

Нетаньяху мамлакатнинг "Шин Бет" хавфсизлик хизматидан Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши учун Эрон ўч олиши мумкинлигидан қўрқиб, АҚШда ўғли Яир Нетаньяхунинг хавфсизлигини кучайтиришни сўради. Бу ҳақда Исроил ОАВлари ёзмоқда.

12-каналнинг хабар беришича, хавфсизликни кучайтириш талаби Нетаньяхунинг штаб раҳбари томонидан берилган.

33 ёшли Яир Нетаньяху 2023 йил апрелидан бери Майамидаги ҳашаматли турар-жой мажмуасида истиқомат қилади ва элита "Шин Бет 730" бирлиги ҳимоясида, унинг йиллик хизматлари тахминан 2,5 миллион шекел (680 минг доллар)га баҳоланади.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, Нетаньяхунинг ўғли хавфсизлиги билан нега Исроилнинг етти нафар юқори мартабали амалдори: президент, бош вазир, мудофаа вазири, ташқи ишлар вазири, Кнессет спикери, мухолифат етакчиси ва Олий суд ҳимоя қиладиган 730-бўлим шуғулланаётгани номаълум. Бошқа ҳимояланган шахслар "Маген бирлиги" билан бирга бўлиши керак (бу бошқа хавфсизлик хизмати, аммо "Шин Бет" билан солиштирганда кучсизроқ).

Бундан ташқари, исм-шарифи ошкор этилмаган хавфсизлик амалдорларига таянган 12-каналга кўра, «Яир Нетаньяху жиддий таҳдидларга дуч келаётгани ҳақида ҳеч қандай аломат йўқ».


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!