Эрон ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини сўради

Эрон ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини сўради

Эрон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олиш учун сўров юборди, деб хабар беради Евроосиё иқтисодий комиссияси матбуот хизмати.

“Эрон Ислом Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олиш ҳақидаги сўрови Евроосиё иқтисодий комиссияси штаб-квартирасида кўриб чиқилди”, — дейилади ЕИК баёнотида.

Ушбу масала бўйича маслаҳатлашувлар 19 август куни ЕИК Интеграция ва макроиқтисодиёт вазири Сергей Глазев раислигида видеоконференция форматида бўлиб ўтди.

ЕОИИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасида вакиллик қилдилар. Эрон делегациясига ташқи ишлар вазирлигининг Кўп томонлама иқтисодий ҳамкорлик департаменти бош директори Жалолиддин Алавий Сабзеварий бошчилик қилди.

“Маслаҳатлашувлар иштирокчилари ЕОИИга аъзо давлатлар ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этдилар ва ЕОИИда кузатувчи давлат мақоми тўғрисидаги низомга мувофиқ мамлакатнинг ЕОИИга кузатувчи давлат мақомини олиш тартибини бошлаш ниятини олқишладилар”, — дейилади хабарда.

Эронга бундай мақом бериш тўғрисидаги қарор Иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида қабул қилинади.

ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг давлат ёки ҳукумат раҳбарларини ўз ичига олган Кенгаш йилига камида бир марта йиғилади, қарорлар консенсус асосида қабул қилинади. Охирги учрашув 2024 йил 8 майда бўлиб ўтган.

Эрон 85 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган йирик ва истиқболли бозор бўлиб, Форс кўрфазида ривожланган инфратузилмага эга муҳим транзит салоҳиятига эга.

Молдова (2018 йил 14 май), Ўзбекистон ва Куба (2020 йил 11 декабрь) ЕОИИда кузатувчи давлат мақомига эга.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!