Дарс ўтилмайдиган мактаб ҳақида эшитганмисиз?

Дарс ўтилмайдиган мактаб ҳақида эшитганмисиз?

Буюк Британиянинг Саффолк шаҳрида жойлашган Саммерхилл дунёда расмий қоидаларга бўйсунмайдиган, янгиликлар жорий этишдан қўрқмайдиган мактаблардан бири ҳисобланади.  

Педагог ва ёзувчи Александр Нилл 1921 йилда Самерхилл мактабига асос солаётиб бир қатор саволлар устида бош қотирган: нима учун болалар 45 дақиқалик дарс давомида ҳаракатсиз ўтириши керак, ахир бунга ҳатто катталарнинг бари ҳам чидаш беролмайди-ку? Нима учун ҳожатхонага боришдек табиий эҳтиёжлар учун ҳам ўқувчилар рухсат сўраши зарур? Тенгдош болаларнинг ривожланиш даражаси ва қизиқишлари доим ҳам бир-бириникига мос келмаса-да, нима сабабдан ўқувчилар синфга ёш бўйича қабул қилинади? Энг муҳими – нима учун дарс давомида ўқувчиларнинг эркин мулоқот қилишларига изн берилмайди, ахир жамоа бўлиб ишлаш, шерикларга ниманидир ўргатишга интилиш кўпроқ самара бериши беш қўлдек маълум-ку?..

Шундай қилиб, Саммерхилл мактабида ўқувчиларни эркинлик асосида тарбиялашга қарор қилинди. Болалар бу ерда худди интернатдагидек яшашади. Ўқувчиларнинг ёшига қатъий чеклов қўйилмаган. Масалан, психология дарсларига 12 ёшдан катталар, ўқиш ва математикага 7-9 ёшлилар қатнашиши мумкин. Ўқувчилар дарсга келса ҳам, келмаса ҳам бўлаверади. Ҳеч нарса қилмай, кун бўйи шаталоқ отиб юришига ҳам рухсат берилган. Турган гапки, кўпчилик бундай усулга шубҳа билан қарайди: ахир болага эркинлик берилса, кўнгли нималарни тусамайди?! Бироқ Саммерхилл мактабида бундай эмас. Оддий мактабдан келган ўқувчилар аввалига озодлик завқини туйиб, кўнгилларига келганини қилишади, кейин эса зерикиб, аста китобларни варақлашга тушишади.

«Болалар ҳеч қачон дарсда қатшашишга мажбурланмайди, – дея ёзган эди Нилл. – Айтайлик, Жимми душанба куни инглиз тили дарсига келди, кейинги сафар эса фақатгина бир ҳафтадан кейин кўриниш берди. Бу бошқа ўқувчиларнинг эътиборидан четда қолмайди ва синфни орқага тортаётгани учун Жиммини ҳайдаб юборишлари мумкин».

Саммерхилл мактабининг ўзига хос яна бир жиҳати шундаки, болаларнинг фикри худди катталарнинг фикри сингари инобатга олинади. Ўқувчиларнинг шунга яраша масъулияти ҳам бор, албатта. Айтишларича, масъулият нималигини ҳис қилган иккичи ва тарбияси оғир болалар Саммерхиллда буткул ўзгариб кетар экан.

Александр Ниллнинг ўлимидан кейин Саммерхилл мактабига унинг қизи Зоуи Нилл раҳбарлик қилиб келмоқда. Авваллари ота-оналар фарзандларини мажбурликдан бу ерга олиб келишган бўлса, эндиликда у муқобил таълимни истовчиларнинг танловига айланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!