Бойсунда газдан заҳарланиш ҳолатлари борми?

Бойсунда газдан заҳарланиш ҳолатлари борми?

Ижтимоий тармоқларни кузатиб, баъзан шов-шувга мойиллигимиз андаккина ошиб кетмаяптими, деган ўй ўтади хаёлимдан. Гоҳида юз бераётган воқеа-ҳодисаларни бўрттириб айтиш халқимизга хос бўлмаган удумга айланмаяптими, деган фикр ҳам пайдо бўлади.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқларда ана шундай шов-шув кўтарилишига, содир бўлган воқеа ва унинг асоратлари бўрттириб кўрсатилишига соҳа мутасаддилари ҳам ўз вақтида аниқ маълумотга асосланган муносабат билдирмаётгани, мавзу бўйича узоқ вақт сукут сақлаб қолаётгани сабаб бўлаётгандек туюлади. Масалан, жорий йилнинг 1 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Кўлқамиш маҳалласи ҳудудидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конига қарашли 604-қудуқда бурғулаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараён бузилиб, олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, бу воқеа юз бергани маълум қилиниб, ҳеч ким жабрланмагани, ҳудудда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун тезкор штаб ташкил этилиб, кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилингани тўғрисида хабар берилган эди.

Орадан ўн кун ўтган бўлса-да, бу ҳақда бошқа расмий хабар эълон қилинмади. Кўпчилик айниқса, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тезкор штаб фаолияти, газ чиқишини тўхтатиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот кутди. Бундай сукунат эса турли воқеаларни кондаги бузилиш оқибатида чиқиб турган газга боғлаб, шов-шув тарқатилиши учун қулай имконият яратди. Битта мисол: ижтимоий тармоқда туман ободонлаштириш бўлимининг бир гуруҳ ишчи аёллпри кон ҳудудига ишга юборилгани ва уларнинг ўнга яқини шифохонада кислородли баллонга улангани, айримларининг аҳволи оғирлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Аслида улар газ конига яқин ҳудудда меҳнат қилганми? Бу саволга маҳаллий мутасаддилар шу куни 40 нафарга яқин аёл кондан 18 чақирим узоқдаги Бошработ маҳалласи ҳудудидаги йўл бўйида ободонлаштириш ишларини олиб борганини маълум қилди. Улардан 9 нафари соғлигидан шикоят қилиб, касалхонага келган.

¬Бу аёлларнинг биронтасида заҳарланиш билан боғлиқ ҳолат кузатилмади,¬дейди бош шифокор Б. Нормаматов.¬Тўғри, улар Бошроботнинг бошида йўл бўйида янтоқ чопган. Чангни тозалаган. Лекин олтингугурт газидан заҳарланмаган. Текширувдан ўтказдик. Заҳарланишнинг ҳеч қанақа аломати аниқланмади. Уйига жавоб бердик. Газ сизиб чиққан дастлабки уч кунда заҳарланишдан шикоят қилиб келганлар бўлди. Улар ётқизилиб, тегишли муолажа олишгач, бир соатда уйига жавоб бериб юборганмиз. Заҳарланишнинг жуда енгил формаси қайд этилган. Ундан кейин заҳарланиш билан боғлиқ ҳолда даволанаётган беморлар қайд этилмади.

Ҳудудда водород сульфид гази тарқалишининг таъсирини янада камайтириш учун қудуқдан сизиб чиқаётган газ ёқиб қўйилган. Олтингугурт заҳари тарқалишининг олдини олиш учун ёнаётган газга сув ҳам пуркалаётган экан.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг пойтахтда ўтказилган матбуот анжуманида ҳам Бойсунда оммавий заҳарланишлар йўқлиги, лекин аҳолининг айрим вакилларида енгил заҳарланиш ҳолатлари кузатилаётгани ва яқин кунларда кон жиловланиши ҳақидаги хабар қайта тўлқинланаётган шов-шувни анча бостиришга, одамлар хотиржамлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу маълумот ҳам анжуманда иштирокчилар сўровига жавоб сифатида айтилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳоли яшаш жойларида бир метр-куб ҳаво таркибида 00,8 миллиграмм водород сулфид гази бўлиши табиий ҳол саналади. Айни пайтда Бойсун туманидаги ҳудудларда олиб борилаётган таҳлилларга кўра, шамол йўналиши тўғри келиб қолганида маҳаллаларда 0,2-0,5, яқин қишлоқларда 0,6 миллиграммгача водород сулфид гази мавжудлиги қайд этилмоқда.

Хуллас, бу ҳодисани тезроқ бартараф этиш учун Бойсунда жиддий чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Афсуски, конни жиловлаш мураккаброқ жараён бўлгани учун маълум муддат талаб этиши мумкин. Қандай бўлмасин, уни тезроқ жиловлаш чоралари кўрилмоқда. Мутасаддиларнинг айтишича, бу масалада ортиқча хавотир ва ваҳимага ўрин йўқ.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!