Ёқилғи ташиш машинасини ҳужжатларда “оғирлаштириш” орқали 791 миллион сўмлик божхона имтиёзларини ўзлаштиришга уриниш фош қилинди

Ёқилғи ташиш машинасини ҳужжатларда “оғирлаштириш” орқали 791 миллион сўмлик божхона имтиёзларини ўзлаштиришга уриниш фош қилинди

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Тошкент товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ҳамда Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ёқилғи ташишга мўлжалланган махсус транспорт воситасини республикамизга олиб киришда божхона имтиёзларини қонунга хилоф равишда қўлга киритишга бўлган уринишни фош қилишди.

Автотранспорт воситаларининг рухсат этилган массаларига кўра, икки ўқли транспорт воситасига тушувчи оғирлик 18 тонна қилиб белгиланган. Аммо, ушбу ҳолатдаги транпорт воситаси икки ўқли бўлса-да, ҳужжатларда унинг юк кўтариш қобилияти тўла вазни билан ҳисоблаганда 20 тонна 640 кг. деб кўрсатилган.

Чунки, бундан бошқа бир мақсад кўзланган эди. Амалдаги тартибларга кўра, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган, юк билан ҳисоблаганда тўлиқ вазни 20 тоннадан ошадиган махсус ва юк транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан озод этилган.

Айни шу имтиёздан фойдаланиш орқали мазкур транспорт воситаси эгаси ҳам давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 791 миллион сўмлик божхона тўловларини тежаб қолмоқчи эди.

Аммо, божхона кўриги давомида транпорт воситасига мазкур божхона имтиёзларини қўллаб бўлмаслиги аниқланди ва буни Хадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси маркази экспертлари ҳам тасдиқлашди.

Божхона юк декларациясида товар кодини биридан бошқасига ўзгартириб қўйиш орқали мавжуд имтиёзни қўлга киритаман деб ўйлаганлар янглишади.

Юқоридаги ҳолатда ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 227-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари билан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди ҳамда суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!