Йил охиригача яна қанча талаба турар жой билан таъминланиши айтилди

Йил охиригача яна қанча талаба турар жой билан таъминланиши айтилди

Йил охирига қадар республика бўйича 20 990 ўрин яратилиб, талабалар турар-жойларининг умумий сиғими 112 441 ўринга етказилади. Бу ҳақда AОКАда бўлиб ўтган брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Фаррух Файзиев маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳукумат олдида давлат-хусусий шериклик асосида 18 800 ўринли 47 та талабалар турар-жойини қуриш вазифаси турибди. Жорий йил охиригача 13 024 ўринга мўлжалланган 26 та ётоқхона фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан “Tashkent Index” мажмуасида 3 000 ўринли ётоқхоналар фаолият кўрсатмоқда. Яна 4 966 та турар-жой университетларнинг ўзлари томонидан ташкил этилган. Шутарзда, йил охиригача талабалар учун 20 990 та янги ўринлар яратилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, уй-жойга муҳтож талабаларнинг 47 фоизи ётоқхонадан жой билан таъминланган.

Ҳозирда бир талаба учун бир жойнинг нархи 40-50 миллион сўмни ташкил этади, яъни 400 ўринли битта талабалар турар-жойини қуриш учун 20 миллиард сўмга яқин маблағ керак бўлади.

Аввалроқ, ижарада турадиган 1-курс талабаларига 2 ойлик ижара компенсацияси ҳеч қандай шартномасиз тўлаб берилиши ҳақида хабар қилинганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!