Хушёр бўлинг! 1 триллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар қалбаки

Хушёр бўлинг! 1 триллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар қалбаки

Маълумотларга кўра, бугунги кунда халқаро миқёсдаги умумий савдо ҳажмининг 7 фоизи ёки 1 триллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар қалбаки экан. Дунёдаги истеъмол қилинаётган алкоголь маҳсулотларининг 30 фоизи қўлбола. Дори-дармонлар статистикаси ҳам одамни ҳушёр торттириши аниқ: фармацевтикадаги жами ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 10 фоизи сохта препаратлардир.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази материалларида келтирилишича, сўнгги 5 йилда улар билан савдо қилиш 90 фоизга ошган. Қўлбола дори воситалари йилига 700 минг одамнинг умрига зомин бўлмоқда. Энг ёмони, қўлбола тамаки маҳсулотлари таркибидаги қўрғошин 6 марта, қатрон 160 фоиз, углерод оксиди эса 133 фоизга мўл. Айнан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасидан жаҳон мамлакатлари бюджети 40 млрд. АҚШ долларидан ортиқ маблағ йўқотади. Бу — жаҳон миқёсида. Ўзбекистонда ҳам рақамлар кичик эмас.

Кўрилаётган комплекс чораларга қарамай, ноқонуний айланаётган, паст сифатли, контрофакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар ҳажмининг ошиши кузатилмоқда. Алоҳида турдаги товарларнинг республикага ноқонуний олиб кирилиши ёхуд ишлаб чиқарилиши, сотилиши ва истеъмол қилиниши кишини ташвишга солади, албатта.

Президентимизнинг “Алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори худди шу каби камчиликларни бартараф этишга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, 2019 йилнинг 1 августидан эътиборан мамлакатимизда товарлар тоифасидан келиб чиқиб, импорт қилинаётган ва республикада ишлаб чиқарилаётган товарларни ҳимояланган белги ҳамда нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалаш босқичма-босқич жорий этилади.

— Жорий йилнинг ўтган 11 ойида 727 миллион сўмлик спирт ва спиртли ичимликлар, 2,5 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари, энг кўпи, яъни 7 миллиард сўмлик дори воситалари ноқонуний кириб келишининг олди олинди, — дейди Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниев. — Эндиликда янги тартибга кўра, чегарадан кириб келаётган қонуний импорт товарларга махсус маркалар ёпиштирилади ва уларнинг истеъмолчиларга етиб борган ҳолатигача онлайн назорат қилинади. Бу эса ноқонуний маҳсулотларнинг бозор расталарига чиқиб қолишига чек қўяди.

Manba: xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!